Англияда онаси уйга ташлаб кетган бола нобуд бўлди

Қизалоқ очлик, сувсизлик ва грипп туфайли ҳалок бўлган.

Буюк Британия суди 1,5 яшар қизчасини 6 кун уйга ёлғиз ташлаб кетган аёлга ҳукм чиқарди. Маълум бўлишича, Верфи Куди исмли бу аёл болани уйга қулфлаган ва ўзининг 18 ёшга тўлишини нишонлаш учун Лондон ва Ковентрига хурсандчилик қилгани кетган.

Уйга қайтган аёл бола нафас олмаяпти деб тез ёрдамга қўнғироқ қилган. Етиб келган шифокорлар унинг ўлимини тасдиқлашган.

Ташналик ва очлик туфайли ҳалок бўлган боланинг силласи грипп туфайли қуриган бўлиб, ифлос тагликлар сабаб баданига тошма ҳам тошган.

Верфи аввалига полицияга болани ўзим билан олиб кетганман, деб кўрсатма берган. Аммо кузатув камералари ва ўзининг смартфонидаги видео ва суратлар унинг ёлғончи эканлигини исботлаган. Суд Верфини 9 йилга озодликдан маҳрум қилди.