Афғонларни эвакуация қилиш икки йилдан кўпроқ вақтни олади

Ҳарбий кампания давомида Америка кучларига ёрдам берган барча афғонларни эвакуация қилиш учун икки йилдан кўпроқ вақт керак бўлади. Бу ҳақда NBC телеканали АҚШ маъмурияти берган маълумотларга асосланиб хабар берди.

Ҳозирги кунга қадар Афғонистондан 700 га яқин одам эвакуация қилинган. Улар Америка ҳукумати ўз қўшинларини олиб чиқиш фонида махсус иммиграцион дастур доирасида мамлакатга кўчиб ўтмоқда. NBC ҳисоб-китобларига кўра, бу миқдор ўз оилалари билан кўчириш учун мурожаат қилган афғонларнинг умумий сонининг бир фоизидан камроғини ташкил қилади.

АҚШ ва учинчи давлатларга кўчиб ўтишга умид қилган барча афғон таржимонлари ва уларнинг оилаларини эвакуация қилиш икки йил давом этиши мумкин. Шу билан бирга, тахминан 4 минг кишини ташкил этадиган афғонларнинг биринчи гуруҳини кўчириш бўйича операция, кутилганидек, тахминан икки ой давом этади ва Америка қўшинлари тўлиқ олиб чиқилгандан сўнг якунланади.

Ғарб матбуоти маълумотларига кўра, америкалик қўшинларга ёрдам берган 18 мингга яқин афғон, шу жумладан таржимон ва бошқа 53 мингга яқин афғонларнинг оила аъзолари АҚШга иммиграцион визалар олишни умид қилмоқда.