Вашингтон Исроил билан 3,4 миллиард долларлик вертолёт сотиш келишувини маъқуллади

АҚШ Давлат департаменти жума куни Исроилга 3,4 миллиард долларлик 18 та Н-53К вертолётларини сотишни маъқуллаганини эълон қилди.

Вазирлик ўз баёнотида битимга двигателлар, навигация мосламалари, ускуналар, қўллаб-қувватлаш ускуналари, эҳтиёт қисмлар ва техник ёрдам киришини ва битимнинг асосий пудратчилари Lockheed Martin ва General Electric эканлигини билдирган.

“Қўшма Штатлар Исроил хавфсизлигига содиқдир ва Исроилга ҳарбий тайёргарлик ва ўзини ҳимоя қилиш қобилиятини ривожлантириш ва сақлашда ёрдам бериш Америка миллий манфаатлари учун муҳим”, – дея қўшимча қилинади баёнотда.

АҚШ Давлат департаменти маъқуллаганига қарамай, бу эълон шартнома имзолангани ёки бу борада музокаралар тугаганини билдирмайди.

АҚШ матбуоти ўтган йилнинг май ойида Оқ Уй Исроилга 735 миллион долларлик қурол ва юқори аниқликдаги ўқ-дориларни беришга розилик берганини маълум қилди.

“Вашингтон Пост” газетаси юқори даражали манбаларга таяниб, “АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Яқин Шарқда можаро авж олганига қарамай, Исроилга миллионлаб долларлик юқори аниқликдаги қуролларни сотишга рози бўлганини айтди.

Худди шу манбаларга кўра, Конгресс 5 май куни битим ҳақида расман хабардор қилинган.