Тўрт оёқли актерларнинг иш ҳаққи

Кино ёки рекламада суратга тушгани учун нафақат актёрлар, балки ҳайвонлар ҳам ҳақ олишади. Маълумотларга кўра, Голливудда одатда, тасвирга олиш бир куни учун мушук ёки итга 400 доллар тўланади. Россия киносаноатида эса ҳайвонларнинг даромади сезиларли даражада паст. Уларга умумий қўшимча роллари учун 1000 рублдан ортиқ ҳақ тўланмайди.

Ҳайвон актёрнинг гонорар миқдори унинг итоатгўйлиги ва тажрибасига боғлиқ. Агар у машҳур фильмда роль ижро этган бўлса, унга кўпроқ пул тўланади. Тўлов миқдорига озиқ-овқати, суви, транспорт харажатлари ва баъзида агентлик ёки саҳналаштирувчи мутахассиснинг иш ҳақи ҳам киради. Ҳайвон актёрнинг соҳиби ёки саҳналаштирувчи мутахассис умумий гонорарнинг тахминан ярмига эга бўлади.

Маълум бир ҳайвоннинг реклама учун ўйнаган ролига 3000-4000 рубл тўланади. Кинодаги оломон саҳналардаги роли учун камроқ, яъни 500 ёки 1000 рубл тўланади, холос. Йирик реклама лойиҳаси учун тахминан 10 000 рубл, бош рол ижроси учун эса 15 000 рубл олиши мумкин.

Ҳайвонларга роллар ижро эттириш орқали даромад топиш осон иш эмас. Чунки ҳайвонларни доимо ветеринария талабларига мос равишда сақлаб туриш ва юксак даражада парваришлаш катта сарф-ҳаражатларни талаб этади.

Бу соҳанинг етук билимдони Екатерина Мамакинанинг таъкидлашича, даставвал унинг итига тасвирга олиш майдончасидаги олти соатлик хизмати учун 6000 рубл тўланган. Кейинчалик соатига 1500 рубл миқдоридаги гонорар белгиланган. Рекламада сифатли иштироки учун эса 7500 рубл беришган. Россияда ҳайвоннинг реклама ёки кинодаги хизмати учун бериладиган шахсий гонорар миқдори 2000 рублни ташкил қилади. Ҳайвонлар билан ролни саҳналаштирувчи мутахассисга 3000-4000 рубл берилади. Шунингдек, транспорт ҳаражатлари учун алоҳида пул ажратилади.

Гувоҳи бўлганингиздек, ҳайвон актёрларни киносаноатида роллар ижро этишга мос равишда парваришлаш игна билан қудуқ қазишдек мураккаб жараён. Бунга ҳайвонларга нисбатан муҳаббати бор, иродаси мустаҳкам шахсларгина журъат эта оладилар.