Токио-2020: Ўзбекистон

Сабля йўналишида кечган жангда қиличбозимиз Зайнаб Дайибекова Аоки Чикага қарши баҳс олиб бориб, 15:9 ҳисобида ғалаба қозонди. Кейинги босқичда унга Осиё ўйинлари финалчиси хитойлик Яци Шао рақиблик қилди. Дайибекова ушбу беллашувни ҳам ютуқ билан якунлади. Қиличбозимиз Зайнаб ғалабали юришини давом эттириб, нимчорак финалда жанубий кореялик Жи Су Юн билан рўбарў келди. Ҳамюртимизнинг устунлигида кечган баҳс Дайибекованинг 15:12 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Саблячимиз чорак финал беллашувида венгриялик Анна Мартонга қарши баҳс олиб борди. Муросасиз кечган беллашувда 18 ёшли қиличбозимиз 11:15 ҳисобида мағлуб бўлди. Шу тариқа, у Токио Олимпиадасини кучли саккизталикда якунлади.

Бокс бўйича Рио-2016 чемпиони Шаҳобиддин Зоиров (52 кг) ўз совринини ҳимоя қилиб туркиялик рақибини мағлуб этди ва Зоиров Батухан Чифтчига деярли имконият қолдирмади. Вакилимиз кейинги даврада Кабо-Верде вакили Давид Де Пинага қарши рингга кўтарилади.

Токио-2020 доирасида яна бир боксчимиз Фанат Қаҳрамонов Олимпиададаги дебют жангини ўтказди. Ҳамюртимиз грузиялик Гиорги Харабадзега қарши рингга кўтарилди. Баҳс давомида Фанат яққол устунлик билан ғалабага сазовор бўлди. 75 кг вазн тоифасида иштирок этаётган вакилимиз кейинги даврани қозоғистонлик Аманкул Абилханга қарши ўтказади.

Таэквондо бўйича терма жамоамиз вакиласи Нигора Турсунқулова (67 кг) хитойлик рақибаси Жанг Менгю билан куч синашди. Олтин очко учун кечган баҳсда хитойлик таэквондочи устун келди. Энди Менгю финалга чиққан тақдирда ҳамюртимиз бронза медали учун курашиш имкониятини сақлаб қолади.

Яна бир таэквондочимиз Никита Рафалович (80 кг) ҳам илк босқичда доминиканлик рақиби Моисес Эрнандесни 17:7 ҳисоби билан мағлуб этди. Чорак финалда вакилимизга озарбайжонлик Милад Беги рақиблик қилди. Сўнгги 2 жаҳон чемпионатларининг ғолиби, Рио-2016 совриндорига қарши кечган жанг Рафаловичнинг ғалабаси билан якунланди. Ярим финал баҳсида у иорданиялик Солиҳ Элшарабатига қарши жанг қилиб, қўшимча дақиқада имкониятни бой бериб қўйди. Вакилимизнинг учинчи ўрин учун кечадиган баҳсдаги рақиби кейинроқ маълум бўлади. Никита Рафаловичга бўлгуси беллашувда омад тилаб қоламиз.

Дзюдочиларимиздан бугун 73 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Ҳикматиллоҳ Тўраев илк босқичда муваффақият қозонди. Германиялик Игор Вандткега қарши баҳсда вакилимиз ғалаба қозонди. Чорак финалга чиқиш учун у жанубий кореялик Ан Чангримга қарши татамига чиқади.

olympic.uz