Токио-2020: Ўзбекистон

Энг оғир вазн тоифасидаги дзюдочимиз Бекмурод Олтибоев баҳсларнинг иккинчи даврасида мўғилистонлик Дуренбаяр Улзибаярга қарши кечган қизиқарли беллашувда иппон баҳоси билан устун келиб, чорак финалга йўл олди. У ушбу босқичда ҳам рақиби икки карра Олимпия ўйинлари совриндорини нидерландиялик Хенк Гролни мағлуб этди. Бу ғалаба унга ярим финал эшигини очди. Олтибоев ярим финалга йўл олиш учун Рио-2016 чемпиони, чехиялик Лукаш Крпалек билан рўбарў келди. Курашда рақиб вазари баҳоси билан устун келиб, ярим финалга йўл олди. Бироқ Олтибоев бронза медали учун курашиш имконини сақлаб қолди. Бекмурод ўтиш босқичида украиналик Якив Хаммо билан куч синашди. Бронза медали учун кечган беллашувда вакилимиз вазари баҳоси билан имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа у яккалик баҳсларини еттинчи ўринда якунлади.

Боксчимиз Бобоусмон Батуров чорак финал доирасида британиялик Пэт Маккормакка қарши баҳс олиб борди. Вакилимиз 2 ва 3-раундларда ташаббусни бой бериб қўйди ва ушбу босқичда Олимпиада билан хайрлашди. Шу тариқа британиялик боксчи ярим финалга йўл олди.

Яна бир боксчимиз Райҳона Қодирова ўйинлардаги дастлабки жангини ўтказди. Қашқадарёлик боксчимиз Африка вакиласи Юмба Наомиега қарши баҳс олиб борди. Конго ДР вакиласига қарши жанг вакилимизнинг устунлигида ўтди ва бу якунда ҳакамларнинг баҳосида ҳам ўз исботини топди. Энди Қодирова ярим финалга чиқиш учун амалдаги жаҳон чемпиони бразилиялик Беатриз Феррейрага қарши рингга кўтарилади.

Сузиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакили Наталья Критинина Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги иштирокини якунлади. Ҳамюртимиз саралаш босқичидаёқ мусобақадан чиқиб кетмоқда. 50 метрга сузиш дастурида иштирок этган Критинина 26.93 сония натижа қайд этди. Бу олтинчи саралаш гуруҳи вакиллари орасидаги энг паст кўрсаткич. Қолган гуруҳлардаги 16 нафар иштирокчи аллақачон ушбу кўрсаткични яхшилаб бўлди. Шундай экан, вакиламиз ярим финалга йўл ололмади ва ушбу нуқтада иштирокини якунлади.

olympic.uz