Россия Япониянинг норозилигини рад этди

Россия мамлакат бош вазирининг баҳсли ороллар ҳудудига ташрифидан сўнг янграган Япониянинг “душманона” дипломатик норозилигини рад этди ва вазирнинг Россия Федерацияси таркибидаги исталган жойига бориши мумкинлигини таъкидлади.

Япония ҳукуматининг юқори мартабали вакили душанба куни расмий Токио Михаил Мишустиннинг Япония даъво қилаётган Россия назорати остидаги тўртта оролларидан бирига ташрифи юзасидан дипломатик норозилик билдираётганини айтди.

Россия ахборот агентликларининг хабар беришларича, Япония бу масала бўйича Россия элчисини чақирган. Япония ушбу оролларни Шимолий ҳудудлар, Россия эса Курил ороллари деб атайди. Ороллар бўйича ҳудудий низо Совет Иттифоқи Иккинчи жаҳон уруши охирида уларни эгаллаб олган пайтга бориб тақалади ва икки давлат ороллар бўйича ҳалигача расмий тинчлик шартномасини имзоламаганлар.

Рус янгиликлар манбаларининг маълумот беришларича, Мишустин ташриф чоғида Москва ушбу ороллар занжирида божхона тўловлари бўлмаган ва камайтирилган солиқлар тўплами татбиқ қилинган махсус иқтисодий зона ташкил этишни режалаштираётганини айтиб ўтган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Япониянинг Москвадаги элчисини чақириб, Токионинг хатти-ҳаракатлари борасида норозилик билдирди. Кремль Токио билан муносабатларни яхшилашни исташини ва бу мақсадда ўзаро манфаатдор муносабатларни қадрлашини, аммо Мишустиннинг сафари билан боғлиқ ҳеч қандай “ёмон нарса” кўрмаганини таъкидлади.

Шунингдек, Песков Москва тинчлик шартномасига эришиш учун Токио билан ҳамкорликни давом эттириши ҳақида гапириб ўтди.