Россия Буюк Британия ва Францияни ядровий музокараларга жалб қилмоқчи

Россия пайшанба куни Буюк Британия ва Францияни Қўшма Штатлар билан ядро қуролларини назорат қилиш бўйича кенгроқ музокараларга қўшилишини исташини айтди, Вашингтон эса Хитойни ҳам бу жараёнга жалб қилишни хоҳлайди.

АҚШ ва Россиянинг юқори мартабали амалдорлари чоршанба куни Женевада учрашиб, Совуқ Урушдан кейин энг суст алоқалардаги йирик ядровий потенциалга эга давлатлар ўртасидаги зиддиятларни юмшатиш бўйича музокараларни қайта бошлашди.

Россиянинг Вашингтондаги элчиси Анатолий Антонов, давлатлар охир-оқибат қуролларни назорат қилиш бўйича музокараларни кенгайтириб, кўпроқ давлатларни жалб қилиш кераклигини ва бу борада Москва Англия ҳамда Францияни “устувор вазифа” деб билишини айтди.

“Бу масала Лондоннинг яқинда ядро каллакли жанговар қуролларининг максимал миқдорини 40 фоизга, яъни 260 донага ошириш тўғрисида қарор қабул қилгани муносабати билан алоҳида аҳамият касб этмоқда”, – деди Антонов ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган баёнотда.

Интерфакс ахборот агентлигининг хабар беришича, Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Сергей Рябков алоҳида изоҳларда Қўшма Штатлар Хитойни ядро қуролини назорат қилиш бўйича кенгроқ музокараларга қўшилишини исташини айтган.