Собиқ мактаб ўқитувчиси Перунинг навбатдаги президенти бўлди

Перу сайлов органи душанба куни социалист Педро Кастилони мамлакатнинг навбатдаги президенти деб эълон қилди.

Президентликка ўнг қанотдан номзод бўлган Кейко Фужимори ҳам ғалабани расмий равишда тан олди.

6 июнь кунда ўтказилган сайловларнинг расмий натижалари Фужиморининг айрим бюллетенларни бекор қилишга қаратилган мурожаатлари сабаб кечиктирилган эди.

Америка, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия сайловларнинг қонун доирасида ва шаффоф ўтганлигини таъкидлашмоқда. АҚШнинг Лимадаги элчихонаси ушбу ғалабани мамнуният билан кутиб олган ҳолда твиттерда табрик юборди.

Кастилло сайланган президент сифатидаги биринчи мурожаатларида халқни миллий бирдамликка чақирди. «Мен ушбу давлатни адолатли ва суверен мамлакатга айлантириш учун курашда сиздан куч ва фидоийлик сўрайман», – деди у.

51 ёшли собиқ мактаб ўқитувчиси ва деҳқоннинг ўғли бўлган Кастилло конституцияни қайта кўриб чиқишга ва конларда қазиш ишлари билан шуғулланувчи корхоналарга нисбатан солиқларни оширишга ваъда берди. Перу мис ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги иккинчи ўринда туради.

Кастилло, шунингдек, давлатнинг иқтисодий барқарорлик йўлида ишлашини таъкидлади.