Motorola ўз смартфонларини ҳаводан қувватлантирмоқчи

Motorola ва GuRu Wireless компаниялари «ақлли қурилмалар» учун симсиз қувват олиш ечимлари устида иш олиб бориш мақсадида ҳамкорлик қилишларини эълон қилдилар. Янги технологияни ривожлантириш жараёнида Motorola симсиз қувватлантириш бўйича концептуал видеони намойиш қилган Xiaomi изидан бормоқда.

GuRu Wireless ўзини «симсиз қувват тизимлари» бўйича дунёда етакчи деб ҳисоблайди. Компания 2017 йилда Калифорния Технология Институтининг бир гуруҳ олимлари ва муҳандислари томонидан «электр энергиясини Wi-Fi каби қўллаш»ни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган.

Motorola симсиз қувватлаш тизими ҳақида тафсилотларни ошкор қилмаган бўлсада, ушбу янги ҳамкорлик, шубҳасиз, концепциянинг тез орада намойиш қилинишига олиб келади.

«Ҳаво» орқали қувват олиш инсонларга фақатгина қулайлик яратмайди. Унинг ўзига хос экологик эффектлари ҳам мавжуд. Ossia ва Wi-Charge каби баъзи компаниялар ҳам электрон чиқиндиларнинг асосий «айбдорларидан» бири бўлган қувватлантириш кабелларини истеъмолдан йўқ қилиш учун ўзларининг симсиз ечимларини ишлаб чиқдилар.

Умуман олганда ғоя ва технологиялар катта салоҳиятга эга бўлсада, тизимнинг уйларимизга кириб келиши учун бироз вақт талаб этилади, чунки ҳар қандай концепция бозорга кириб келишидан олдин хавфсизлик стандартларига жавоб бериши керак.