Молдованинг янги президенти коррупцияга қарши аёвсиз кураш бошлади

Молдова президенти Майя Санду парламентда баёнот берар экан, коррупцияга қарши кураш ҳамда адлия ва прокуратура тизимларидаги ўтказилиши керак бўлган ислоҳотларни эълон қилди.

“Бугундан бошлаб коррупцияга нисбатан ҳеч қандай тоқат қилмаслик эълон қилинади. Коррупционерларнинг ўрнини ҳалол одамлар эгаллаши керак. Коррупцияга қарши курашишда парламент муҳим роль ўйнайди, чунки қонун чиқарувчилар коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши туриш учун аниқ қонунларни тасдиқлашлари керак. Янги парламент илгари қабул қилинган ва турли схемаларга имкон берадиган қонунларни зудлик билан тузатиши керак “, – деди Санду.

Санду хоним, шунингдек, Молдова зудлик билан адлия ва прокуратура органларини ислоҳ қилишни бошлаши кераклигни таъкидлади. “Коррупцияга қарши курашда биз қатъий ҳаракатларга муҳтожмиз. Фуқаролар миллиардларни ўғирлаган одамларнинг, уларни ҳуқуқий ҳамда сиёсий жиҳатдан ҳимоя қилганлар билан бирга ҳибсга олинишини кўришлари керак. Молдовани ёшартиришнинг асосий омили бу ҳуқуқий давлат қуришдир”.

Парламент ҳукумат ва президент билан биргаликда ҳеч кимнинг қонундан устун бўлишига йўл қўймаслик учун ҳаракат қилади, деди Санду. “Бу келгуси йиллардаги асосий мажбуриятларимиз қаторига киради. Бир вақтнинг ўзида биз коррупция, жиноий гуруҳлар ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш учун махсус ўқитилган ходимларни адлия тизимига, биринчи навбатда прокуратура, полиция ва суд тизимига таклиф қилишимиз керак. Европа мамлакатларидаги махсус идоралар томонидан адлия тизими учун мансабдор шахсларни профессионал тарзда тайёрлаш бўйича келишиб олганмиз”.