“МЕТРИКА” ОЛИШ БЕПУЛМИ ЁКИ…

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 1 февралидан кейин туғилган болаларга гувоҳнома расмийлаштиришда тўлов ундирилмаслиги белгиланди. Шундай бўлса-да, мазкур ҳолатни аксарият фуқаролар томонидан нотўғри талқин қилинаётганига дуч келаяпмиз. Қуйидаги маълумотлар орқали бу борада батафсил ахборотга эга бўлишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 ноябрдаги 704-сон қарори билан тасдиқланган “Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматлари кўратишнинг маъмурий регламенти”га асосан 2021 йилнинг 1 февралидан бошлаб янги туғилган болалар учун туғилганлик ҳолати қайд этилганда гувоҳнома олиш учун тўловлар амалга оширилмайди.

Бунда болани доимий рўйхатга қўйиш бўйича давлат хизматини кўрсатганлик учун Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи миқдоридаги давлат божи;

туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштирганлик учун Вазирлар Маҳкамасининг “Гербли гувоҳномалар берганлик учун герб йиғими миқдорини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2012 йил 25 апрелдаги 119-сон қарорида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи — 36 750 сўм миқдоридаги герб йиғими бир марталик нафақа (суюнчи) миқдоридан чегириб қолинади.

Агар фуқаро такрорий гувоҳнома олишига тўғри келса бу жараёнда 15 фоиз давлат божи ва 15 фоиз гербли йиғим тўловлари мавжуд.

БУ МУҲИМ: Жорий йилнинг 1 февралигача туғилган болалар учун гувоҳнома расмийлаштиришда 15 фоиз герб йиғими — 36 750 сўм + доимий рўйхатдан ўтказганлик учун 4900 сўм давлат божи тўланади.

ҚУЛАЙЛИК: 2021 йил 1 февралидан болани туғилганлигини қайд қилиш жараёнида бошқа давлат хизматлари — тиббий поликлиникага ҳисобга қўйиш, бир марталик нафақа олиш, болани доимий рўйхатга қўйиш, давлат боғчасига навбатга қўйиш автоматик (комплекс хизмат тури) тарзда кўрсатилади.

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати