Макрон Исроил Бош вазиридан изоҳ талаб қилмоқда

Франция Президенти Эммануэл Макрон Исроил Бош вазири Нафтали Беннеттдан шанба куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти пайтида Исроилда жойлашган NSO Group томонидан ишлаб чиқарилган Пегасус жосуслик дастури бўйича расмий изоҳ талаб қилган.

Исроилнинг Channel 12 каналининг хабар беришича, Макрон ўзи ва бошқа Франция ҳукумати мулозимларининг уяли телефонлари бузиб кирилгани ҳақидаги хабарларга нисбатан хавотир билдирган. Беннетт юқори даражадаги тергов ишларини амалга оширишни ваъда қилди, аммо бу воқеа у лавозимга келгунига қадар содир бўлганлигини таъкидлади.

          Маълумотларга кўра, камида 10 та давлат, жумладан Баҳрайн, Қозоғистон, Мексика, Марокаш, Озарбайжон, Венгрия, Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликлари NSO гуруҳининг мижозлари бўлганлар. Ушбу айғоқчилик дастури фаоллар, журналистлар, адвокатлар ва сиёсатчиларни кузатиш учун ишлатилган .

Хабар беришларича, жосуслик дастури уяли алоқа воситасини хабарлар, камера, аудио ёзувлар ва иловаларга масофадан туриб кириш мумкин бўлган кузатув қурилмасига айлантириши мумкин.