Коронавируснинг Дельта варианти Германияда катта тезликда тарқалмоқда

Мамлакат касалликларни назорат қилиш агентлиги берган хабарга кўра, коронавируснинг жуда юқумли Дельта варианти ҳозирда Германияда КОВИД-19 билан касалланганларнинг 84 фоизини ташкил қилмоқда.

Роберт Кох институти маълумотларида айтилишича, Дельта варианти май ойи бошида янги юқтиришларнинг 2 фоиздан камроқ улушини ташкил қилган, аммо у қисқа вақт ичида коронавируснинг бошқа турларидан устунликка эришиб, бутун мамлакат бўйлаб катта тезликда тарқалган.

Июнь ойининг биринчи ҳафтасида янги вариант Германияда янги касалланиш ҳолатларининг деярли 8 фоизини ташкил этганди, аммо унинг улуши ҳар ҳафта икки бараварга ошиб, ўтган ойнинг охирида 60 фоизга етди.

Дельта варианти биринчи марта Ҳиндистонда ўтган йили аниқланган ва у бошқа вирус турларига қараганда 60 фоиз юқумлироқ ҳисобланади.