Капитолийга ҳужум қилганлардан биринчи айбланувчига ҳукм чиқарилди

АҚШ федерал судяси 6 январь куни Капитолийга ҳужум қилишда иштирок этгани учун Пол Хожкинсни саккиз ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Ушбу қарор билан Хожкинс Капитолийга қилинган ҳужум билан боғлиқ жиноий жавобгарликка тортилган 500 га яқин тартибсизлар орасида қамоққа ташланган биринчи одам бўлди.

Ҳукмни тинглаш пайтида 38 ёшли Хожкинс қилмиши учун тавба қилиб, афсусдалигини айтди. Унинг хатти-ҳаракати бошқаларни бузғунчилик ҳаракатларини қилишга ундаган бўлиши мумкинлигини тан олди.

“Бу менинг аҳмоқона қарорим эди ва мен бунинг учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммамга оламан”, дея қўшимча қилди у.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ходимининг айтишича, шу пайтгача 17 киши тартибсизлик айбловини тан олган.