Канада чегарачилари иш ташлашмоқчи

Канадалик чегарачилар ва божхоначилар тўлиқ вакциналанган АҚШ фуқаролари ва доимий яшовчилари Канадага киритилишига рухсат берилишидан бир неча кун олдин иш ташлаш учун овоз беришди. Ишчилар вакили бўлмиш касаба уюшмаларининг таъкидлашича, бу пандемия сабаб бўлган иқтисодий таназзулдан эндиликда чиқаётган корхоналарга жиддий зарар етказиши мумкин.

Иш ташлаш қуруқлик тижорати миқдорининг пасайишига олиб келади, шунингдек, халқаро почта алоқаси ва божлар ҳамда солиқларнинг ундирилишига таъсир қилади, дейди касаба уюшмалари. Канада чегара хизматлари агентлиги вакилининг таъкидлашича, иш ташлашда қатнашиши мумкин бўлган чегара хизматлари зобитларининг 90 фоизининг аҳамияти “зарур” деб топилган.

Ўтган ҳафта Канада, 9 августда тўлиқ эмланган америкаликларга ва 7 сентябрдан бошлаб тўлиқ эмланган халқаро саёҳатчиларга мамлакатга кириш учун рухсат бериш режаларини эълон қилди.

Канада чегаралари коронавирус пандемияси сабабли 16 ойдан кўпроқ муддатга муҳим бўлмаган саёҳатлар учун ёпиқ эди.

Канада давлат хизматлари альянси ва Божхона ва иммиграция иттифоқи қўшма баёнотида, 8,5 минг нафар уюшмалар аъзолари иш ташлаш акциясини қўллаб-қувватлаганидан сўнг, 6 августдаёқ иш ташлаш ҳаракатлари бошланиши мумкинлигини айтди.

Пандемияга қадар туризм саноати Канада иқтисодиётига 105 миллиард доллар миқдорида ҳисса қўшган ва ҳар ўнинчи иш ўрнини тақдим этган.