Калифорнияда шиддатли момақалдироқлардан огоҳлантиришмоқда

АҚШ Миллий об-ҳаво хизмати шимолий Калифорния штатининг баъзи қисмларида шиддатли момақалдироқ, яшин уриш хавфи ҳамда кучли бўрон борасида огоҳлантирув эълон қилди.

Бу ҳудудларга Ист Бей тепаликлари, Дьябло Рейндж ҳамда Санта Круз тоғлари ҳам киритилган.

 “Ҳозирги иссиқ ва қуруқ об-ҳаво шароитида яшин уриши оқибатида янги-янги ёнғинлар келиб чиқиши мумкин. Ташқаридан келаётган шамол оқими туфайли ёнғинлар  чора кўрилишидан аввал ҳам тезлик билан тарқалиб кетиши мумкин” дейилган огоҳлантириш матнида.

Яшин уриш хавфи билан биргаликда, Миллий об-ҳаво хизмати  душанба куни кечқурун соатига 40 миль тезликдаги шамол ва бўрон борасида ҳам огоҳлантирган.

Миллий океан ва атмосферик тадқиқотлар бошқармаси томонидан тақдим этилган харитада кўрсатилишича, яшин аллақачон шимолий Калифорниядаги Ланкастер шаҳрида урган, бўрон эса Сан-Франциско бухтаси йўналиши томонига ҳаракатланмоқда.