Гурбек қовунни “Юбари” деб еган япон дўстларим!

Тақдир тақозаси билан 2005 йили Хитойнинг Далянь шаҳрида бўлгандим. Ўшанда Япониянинг энг машҳур ва қиммат қовуни “ЮБАРИ” навидан татиб кўргандим.

Бу қовуннинг бир тилими фалон юань турар экан, каминани Ўзбекистондан келган меҳмон деб мана шу “ЮБАРИ” навли қовун билан сийлашувди. Қани татиб кўрайчи, бу қовуннинг нима каромати бор экан, муштдек битта қовун ўша пайтда 80-100 минг юань (10-15 минг доллар) турар экан деб ҳайрон бўлгандим.

Татиб кўрсам ўзимизнинг Хоразмда ва Қорақолпоғистонда учрайдиган, лекин бошқа ерда ўсмайдиган, ўсса ҳам таъми бошқача бўлиб кетадиган “ГУРВАКИ” навли қовун экан. Қорақолпоғистонда “ГУРБЕК” деб аталадиган қовун. Хоразмлик ва Қорақолпоғистонлик дўстлар бу навли қовунни яхши билишади.

Япониянинг энг қиммат, иккитаси ҳозирги кунда 25-26 минг долларга сотилаётган “ЮБАРИ” навли қовуни бу ўзимизнинг “ГУРВАКИ”, “ГУРБЕК” қовунининг ўзгинаси. Ҳеч бир фарқи йўқ таъми, мазаси, ҳиди, ташқи ранги, қизғичроқ сариқ ички ранги ҳаммаси бир хил. Гапимга ишонмаганлар бир иложини қилиб татиб кўрсинлар.

2012 йили Токио университетидан профессор ўқитувчилар меҳмон бўлиб келганда Хоразмга ва Қорақолпоғистонга олиб боргандим. Дангал йигитларга айтиб, яхшилаб ювиб, тозалатиб, чиройли целофан пакетга ўратиб ресторанга ўзимизнинг оддий “ГУРВАКИ-ГУРБЕК” қовунини олиб келтирдим. Тантана билан мусиқа жўрлигида 5-6 та қовунни столимизга аравачага солиб олиб келишди.

Официант йигитни қўлига хирурглар киядиган қўлқоп ҳам кийдириб қўйганмиз, чиройли қилиб қовунни тилимлай бошладиямки япон дўстларимиз ҳаммаси ўрнидан туриб олиб “оооо ЮБАРИ-ЮБАРИ” деб ҳайратланиб бошлашди. Қовунни ҳаммасини кесдик. Мазали чиқди, ширин эди. Японлар хурсанд.

Кечқурун йигитлар билан келишиб, “Японларни эртага полиз бошига олиб бораман қовунхўрлик қиламиз” дедим. Улар “бўлди оға ҳозир бўлса ҳозир кетаверамиз қовун кўп, истаганингизча бор”, дейишди. Хайрлашиб, эртасига эрталаб японлар билан полиз бошига бордик.

Дехқонлар, тонгдан бошлаб қовун тераётган экан. Ярим тележкача териб ҳам қўйишибди. Буни кўриб японлар ҳайратланиб бошлади, кўзлари косасидан чиқгудек бўлиб. “ЮБАРИ”, “ЮБАРИ” деб қовунни олиб ҳидлаб ётибди. Хайратланган, расмларга олаяпти.

Японлар полизга кириб “оооо ЮБАРИ, ЮБАРИ” деб ҳайратланиб ўзимизнинг “ГУРБЕК” қовунини теришди, қўлига иккитадан “ЮБАРИ-ГУРБЕК” қовунидан ушлатиб қўйиб, биз хам расмга олдик, қовунни беш олтитасини сўйиб полизда ўтириб едик. Йигитлар эса мошинани багажига 20-30 та “ЮБАРИ-ГУРБЕК” қовунидан солиб юборишди. Японлар хурсанд, эгилиб таъзим қилиб миннатдорчилик билдириб ётибди.

Бизни йигитлар ҳайрон, “Оға битта қовунга шунчаликми? Булар қовун кўрмаганми оға?”, дейди.

Уларга жавобан, “Эҳ укажон сен қаердан билардинг, ҳозир Ўзбекистон ва Япония ўртасида маданий-маърифий алоқалар ўрнатилишидаги янги босқичнинг гувоҳи бўлиб турибсизларку”, десам, “Бўлди оға, бизлар сиёсатга аралашмаймиз, истаганича олаверсин, яна нечта қовун солайлик багажга, ёки меҳмонҳонага грузовойда олиб бориб берайликми, пули керак эмас”, дейди.

Қарасам жиддий оҳангда айтаяпти. Кулиб юбордим, бўлди йигитлар гап йўқ, шуни ўзи етади, қанча бўлди ҳисоблашайлик десам, “Оға, биласизку, бизда полиз бошидан қовун сотилмайди, одамни синамангда”, дейди. Ҳа хўп унда, менинг ҳисобимдан балиқ хўрлик қиламиз, деб балиқчиларга кетдик. Амударёни бўйида японлар билан балиқ ушлаб балиқхўрлик қилдик. У ерда ҳам японлар ҳайратда қолишди бу кейинги ҳикоя.

Йигитларга Японияда, Хитойда шу “ГУРВАКИ-ГУРБЕК” навли қовуннинг иккитаси 25 минг доллар туради, ўлай агар ўзим татиб кўрганман, худди шу ўзимизни қовун, мана сизлар ҳам кўрдиларинг-ку японларни аҳволини, уларда бу навли қовун “Юбари” деб аталади, деб тушунтира олмадим. Йигитлар қотиб кулади, “оға қўйсангизчи, бизни қишлоқи, ҳеч нарсани билмайди деб ўйламангда, биз ҳам дунёдан хабаримиз бор, лекин иккита қовун 25 минг доллар туради деганингиз одамни кулгисини қистайди, одамни устидан кулмангда”, дейди. Ҳозир ҳам айтсам, ҳалиям ишонишмайди…Сизлар ҳам ишонмасангизлар “ЮБАРИ” навли қовун билан ўзимизнинг “ГУРВАКИ-ГУРБЕК” қовунини бир татиб кўринглар, барака топкурлар.

Шуҳрат Барлос