Эрдўған Ҳатай вилоятининг Туркияга қўшиб олиниши ҳақида гапирди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған “Ҳатай (Искендерун) вилоятининг ватанга қўшилиш қарори мамлакат миллий бирлиги ва бирдамлигини мустаҳкамлади”, деди.

Бу Ҳатайнинг Туркияга қўшилишининг 82 йиллиги муносабати билан жума куни кечқурун чоп этилган хабарда келтирилган.

Эрдўған, Ҳатайнинг асрлар давомида қадимги цивилизацияларни қабул қилганлигини, биродарлик ва бағрикенглик маркази бўлганлигини таъкидлади.

“Биз ўз қадриятларимизни маҳкам тутиб, ўтмишдаги каби қатъийлик билан келажакка қараб юрмоқдамиз”, дея қўшимча қилди у.

У сўзларини давом эттирди: “Шу фикрлар билан мен Хатайнинг Туркия ватанига қўшилиши муносабати билан табриклайман ва ушбу миллий иш учун ҳаракат қилганларнинг барчасини, айниқса курашчи Мустафо Камолни ва Ҳатайнинг ўша пайтдаги ҳокими Тайфур Сукманни раҳм-шафқат билан эслайман. Мен Хатай аҳолиси ва барча фуқароларимизга самимий туйғуларим билан салом бераман”.

1939 йил 23 июлда Ҳатай расмий равишда Туркияга қўшилди, деб хабар беради “Анадолу”.

Сурия томони эса, ҳанузгача Искендерунни Туркия томони зўрлик билан босиб олган ва Сурия ерларининг ажралмас қисми сифатида талаб қилиб келади. Сурия расмий ва халқаро ташкилотлар орқали бир неча бор Туркия ва халқаро ҳамжамият томонидан уни қайтаришни талаб қилмоқда.

Ҳатай вилояти Ўрта денгизнинг шимолий-шарқий бурчагида Искендерун кўрфази ва Сувайдиё кўрфазида жойлашган ва илгари Суриянинг шимолий ғарбий қисмида бўлган.

У шарқий ва жануби-шарқда Идлиб ва Ҳалаб губернаторликлари, жанубдан Латтакия ва шимолдан Туркиянинг Газиантеп губернаторлиги билан чегарадош бўлиб, ҳозирда Туркиянинг жанубида жойлашган.

1939 йилда Франция Сурияни ишғол қилиш пайтида вилоятни Туркияга бериб юборган ва уни Туркиянинг вилояти деб ҳисоблаган.

Вилоятда 6 та катта шаҳар бор: Антокия (вилоят маркази), Искендерун, Орду, Рейҳанли, Ас-Сувайдия ва Арсуз.