Бирлашган Араб Амирликлари дастурчиларга «олтин визалар» тақдим этади

Бирлашган Араб Амирликлари иқтисодий диверсификациясини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида истеъдодларни жалб қилиш учун бутун дунё бўйлаб дастурчиларга олтин визалар таклиф қилмоқда

Амирликлар келгуси беш йил ичида глобал иқтисодиётнинг рақамли ўзгариши билан ҳамнафас бўлиш мақсадида мамлакатга 100 000 нафар дастурчиларни жалб қилиш лойиҳасини бошлади.

«Миллий дастур» ташаббуси турли дастурлар ёзишга ихтисослашган 100 000 нафар тадбиркорлар, корхона ва стартап лойиҳа эгаларига «олтин визалар» тақдим этади.

Яқин Шарқда иқтисодиёти нефтга қарам бўлган мамлакатлар миллий иқтисодиётни диверсификация қилишлари учун технология юксак имконият сифатида талқин қилинмоқда, аммо ушбу мамлакатларда йўналиш бўйича етарли техник кўникма ва тажрибага эга мутахассислар етишмаяпти.

Google, Microsoft, Amazon, Cisco, IBM, Hewlett Packard Enterprise, LinkedIn, Nvidia ва Facebook билан ҳамкорликда ташкил этилган дастур БААда 1000 та рақамли компанияларни ҳам яратишни режалаштирмоқда.

Виза олиш учун барча миллат ва ёш вакиллари мурожаат қилишлари мумкин.

Шу мақсадда, Бирлашган Араб Амирликлари Миллий Дастур доирасида технологик стартаплар учун ажратилган сармоялар миқдорини 1,5 миллиард дирҳамдан (қарийб 409 миллион доллар) 4 миллиард дирҳамгача (қарийб 1,09 миллиард доллар) оширмоқчи.