Арманистон Озарбайжон чегарасида Россия армиясини кўришни хоҳламоқда

Ереван ва Боку ўртасидаги зиддиятлар кучайганидан кейин, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян пайшанба куни Россия чегара постларини Арманистоннинг Озарбайжон билан чегараси бўйлаб жойлаштиришни таклиф қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ереван ушбу таклифни Москва билан муҳокама қилишга тайёрланмоқда ва бу ҳаракат чегараларни демаркация ва делимитация қилиш бўйича ишларни ҳарбий тўқнашувлар хавфисиз амалга оширишга имкон беради.

Кремль Арманистон ва Озарбайжон билан яқин алоқада эканлигини айтди, аммо Пашиняннинг таклифига изоҳ беришдан бош тортди.

Арманистон мудофаа вазирлигининг билдиришича, Озарбайжон қўшинлари пайшанба куни эрта билан чегаранинг Гегаркуник қисмида арман позицияларига қарата ўқ узган ва шу сабабли Арманистон қайтариб ўқ узишга мажбур бўлган. Кейинчалик вазият тинч эканлиги айтилган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон кучлари Келбажар вилоятидаги бир қишлоқ томон пулемёт ва гранатадан ўқ узганини ва қўл гранаталарини улоқтирганини айтди. Вазирликнинг сўзларига кўра, Озарбайжон кучлари ҳам қайта ўқ узишган.