АҚШ қиймати 29 миллиард долларлик янги ядровий ракета устида ишламоқда

Америка Қўшма Штатлари ядровий каллакли замонавий қанотли ракетани яратиш бўйича 30 миллиард долларлик лойиҳа устида иш бошлади, бу Америка ядровий ҳужум қобилиятини сезиларли даражада ошириши кутилмоқда.

Шу ой бошида АҚШ ҳукумати Raytheon ширкати билан “Узоқ масофали жанговар тизим” (LRSO) ёки AGM-181 ни ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказишни бошлаш учун 2 миллиард долларлик шартнома тузди.

Пентагон томонидан берилган баҳога кўра, ушбу янги ракетани ишлаб чиқариш, сотиб олиш, ишлатиш ва сақлашнинг умумий қиймати камида 29 миллиард долларни ташкил этади, шундан 12 миллиарди АҚШ Энергетика вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган В-80-1 ядровий каллагига сарфланади.

Умуман олганда, Конгресс бюджет идораси ўтган май ойида Мудофаа ва энергетика вазирлигининг режалари мамлакатга 2030 йилгача жами 634 миллиард долларга тушишини баҳолаган.

Кутилишича, янги ракетани яратиш 2027 йил февралга қадар давом этиб, 2030 йил июль ва сентябрь ойлари орасида фойдаланишга топширилади. У эски Б-52 ва замонавий Б-21 бомбардимончиларига этказиб берилади.

Янги ракетанинг учиш масофаси 2,4 минг километрга кўпайиши кутилмоқда ва у 2022 йилда унинг биринчи синови амалга оширилиши мумкин.

АҚШ ҳаво кучлари Конгрессдан ушбу дастур учун 2022 йилги бюджетида 609 миллион доллар ажратишни сўраган.