АҚШ Мексика ва Канада билан чегараларни ёпиш муддатини узайтирди

Чоршанба куни АҚШ коронавируснинг жуда тез юқувчи Дельта вариантининг тарқалишини секинлаштириш мақсадида Канада ва Мексика билан чегараларни ёпиш муддатини 21 августгача узайтирди.

Ички хавфсизлик вазирлиги мамлакат қўшнилари ўртасидаги муҳим бўлмаган қатновларни тақиқлаш муддати узайтирилганлигини эълон қилишда вирус тарқалишини тўхтатиш асосий сабаб эканлигини таъкидлади. Шунингдек, давлатлараро муҳим савдо ва саёҳат алоқалари давом этиши айтиб ўтилди.

Чегара ёпилишини узайтириш тўғрисидаги қарор Канада 9 августдан бошлаб эмланган америкаликлар Канадага кириши мумкинлигини эълон қилганидан икки кун ўтгач қабул қилинди. Канадага бошқа мамлакатлардан тўлиқ эмланганларнинг ташриф буюришига 7 сентябрдан бошлаб рухсат берилади.

АҚШнинг ушбу қарори ҳақида сўралганда, Оқ Уй вакили Жен Псаки бу «бошқа давлатларнинг ҳаракатлари сабабли эмас, балки соғлиқни сақлаш ва тиббиёт мутахассисларининг кўрсатмаларига» асосланганлигини айтди.

Америка соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, июнь ойи охиридан бери АҚШда коронавирус инфекциясининг хавотирли ўсиши кузатилмоқда. Ҳозирда Дельта варианти янги юқтиришларнинг 83 фоизини ташкил қилмоқда.

Ўсиш суръатлари ҳар бир штатда қайд этилган. Касалликдан эмланмаган аҳоли айниқса қаттиқ зарар кўрмоқда.