АҚШ Ироқдаги жанговар миссиясини якунлади

АҚШ президенти Жо Байден ва Ироқ Бош вазири Мустафо Ал Козимий АҚШнинг Ироқдаги жанговар миссиясини 2021 йил охиригача, америкалик қўшинлар мамлакатга юборилганидан 18 йилдан кўпроқ вақт ўтгач тугатиш тўғрисида келишув имзоладилар.

Жаноб Байден ва Ал Козимий АҚШ ва Ироқ ўртасидаги стратегик мулоқот доирасида биринчи марта тўғридан-тўғри музокаралар учун Оқ Уйнинг Овал идорасида учрашдилар.

Ироқда ИШИД қолдиқларига қарши курашиш учун 2500 нафар АҚШ аскари мавжуд. Эндиликда АҚШнинг Ироқдаги вазифаси Ироқ ҳарбийларини тайёрлаш ва ҳарбий маслаҳат беришдан иборат бўлади.

Катта ўзгаришлар бўлиши кутилмаяпти, чунки АҚШ аллақачон Ироқ қўшинларини қайта тайёрлашга эътиборини қаратиб бўлган. АҚШ қўшинларини олиб чиқиб кетганидан сўнг мамлакатда неча нафар аскарлар қолиши ҳозирча номаълум.

АҚШ бошчилигидаги коалиция 2003 йил март ойида Ироқнинг ўша пайтдаги раҳбари Саддам Ҳусайн ҳукуматида оммавий қирғин қуроллари бўлган, деган айблов билан мамлакатга бостириб кирган эди. Саддам ҳокимиятдан четлаштирилди, аммо бундай қуроллар ҳалигача топилгани йўқ.

Сўнгги йилларда Ироқ ва Суриядаги АҚШ миссияси ИШИД жангариларини мағлуб этиш йўлида ёрдам беришдан иборат бўлиб қолган эди.