Акбаршоҳнинг қабри қаерда?

Бобурийлар сулоласининг машҳур ҳукмдорларидан бири Акбаршоҳ Ҳиндистон ва жаҳон тарихида катта из қолдирган. У тарихда илм-фан ва санъат ҳомийси сифатида машҳурдир.

Унинг қабри ҳам Ҳиндистон меъморчилик ёдгорликлари ичида бетакрорлиги, нафислиги ва ноёб меъморий-бадиий ечими билан ажралиб туради. Бобурийлар даври меъморчилигининг дурдонаси ҳисобланган бу қабр Агра марказидан 8 км. шимолий ғарбда Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида жойлашган.

Акбаршоҳ ҳаётлик давридаёқ, яъни 1600 йилда ўзининг мангу қўним топадиган жойини белгилаб қурилишни бошлаб юборган.

Бу иншоот унинг ўғли Жаҳонгиршоҳ томонидан 1613 йилда ниҳоясига етказилган.

Акбаршоҳнинг қабри меъморий комплексдан иборат бўлиб, 48 гектар майдонни ўз ичига олади.

У тўрт девор ва тўрт дарвоза билан қўрғон шаклига келтирилган. Уларнинг учтаси ҳақиқий дарвоза ҳисобланмайди, аслида иншоотга жанубий ёки “Буюклик дарвозаси” деб ном олган машҳур дарвозадан кирилади.

Дарвоза анъанавий қизил қумдан қурилган ва турли шакл ва орнаментлар билан безатилган.

Дарвозаларнинг тўрт тарафида оқ мармардан ишланган миноралар бўй чўзган. Оқ мармар ўша даврдаги янги ва ноодатий қурилиш усули эди.

Бу дарвозалар аниқлик геометрик ечимлари, жиддийлиги ва ҳамма деталларнинг инобатга олингани билан ҳайратга сазовордир. Акбаршоҳ мавзолейи ўша даврдаги меъморчилик анъатининг муҳим кашфиётлари ва чўққиларидандир. Мавзолей пирамидасимон беш бўлинмадан ташкил топган. Юқори қисми мармардан ва учи ўткир минорачалардан иборат.

Мавзолей ўртасида очиқ ҳовли марказида Акбаршоҳнинг қабри жойлашган бўлиб, араб тилидаги ёзувлар битилган, аммо бу биринчи таассурот. Акбаршоҳ ва унинг икки аёлининг қабри унинг остида жойлашган.

XVII асрда Акбаршоҳ қабридаги олтин ва кумуш қопламалари, қимматбаҳо гиламларни жат қабиласи вакиллари талаб олиб кетган.

Шунга қарамай ушбу иншоот жаҳон меъморчилиги дурдонаси ҳисобланади ва уни ҳар йили миллионлаб сайёҳлар томоша қилишга келадилар.