Ереван кимга оид эди?

1827-йили чор Россияси Иреван (Ереван)ни ишғол қилган пайтда, бу ерда биронта ҳам черков йўқ эди. Христианлар шаҳар қалъаси деворларининг ортида жойлашган махсус маҳаллада яшашарди.

Усмонли тарихчиси ва сайёҳи Авлиё Чалабийнинг Саёҳатлар китоби номли асарида шундай мисралар бор: ҳижратнинг 910-йилида (мил.1504) Сафавий ҳукмдори шоҳ Исмоил Сафавий ўз лашкарбошиси Равонқулихонга бир қалъа қуришни буюрди. Унинг топшириғига биноан бу иншоот Занги дарёсининг жануби-шарқий томонида тош ва ғиштдан 7 йил мобайнида қуриб битказилди.

Лашкарбошининг шарафига Равонқалъа деб аталган бу қалъа вақт ўтиб шаҳарга айланди ва шу тариқа  ҳозирги Арманистоннинг пойтахти тарихи унга бориб тақалади. Равонқалъа сўзи замон оша Реван, Иреван, русча талаффузда эса Эриванга айланади.

Эриван мусулмон шаҳри бўлганлиги учун унда шу даражада масжидлар кўп эдики, уни “миноралар шаҳри” деб аташарди. Масжидлар ажойиб мозаик нақшлар билан безатилганди, ҳовлиларида фавворалар отилиб турарди. Тарихий манбаларда 1827-йилги рус ишғолигача шаҳарда нечта масжид бўлганлиги ҳақида аниқ маълумотлар сақланиб қолмаган бўлсада, ўтган асрнинг бошларида улар бор-йўғи саккизта қолган эди.

1827-йили Эриван қалъаси 23 йиллик уринишлардан сўнг руслар томонидан  босиб олинади ва 1864-йили вайрон қилинади. Руслар ва арманилар қалъанинг Бакудаги Ичери Шеҳир шоҳлар қалъаси услубида қурилган деворларини бузиб ташлашади, мозорларни ер билан теккислаб, маҳаллаларнинг мусулмонча номларини ўзгартиришади. Озарбайжонларни эса шаҳардан сиқиб чиқара бошлайдилар.

Шўролар даврига келиб эса Хон саройи, ҳаммомлар ва масжидлар бузила бошлайди. 1936-йили шаҳар номи Иревандан Ереванга ўзгартирилади ва бу йўл билан  совет ҳукумати шаҳарнинг мусулмонлар томонидан қурилганлиги тарих саҳифаларидан ўчиришга ҳаракат қилади.

Натижада шаҳарда ҳозирда Эрон элчихонасига 99 йилга берилган Мовий Масжиддан ташқари барча масжидлар ва мусулмонларга оид барча бинолар йўқ қилинади. Улар орасида XVI аср бошларида қурилган шоҳ Исмоил масжиди ҳам бор эди. 1918-йилги армани-озарий тўқнашувлари пайтида масжид ичида яширинган озарбайжонлар билан бирга ёқиб юборилади.

1725-йили қурилган Ражаб Пошшо масжиди 1839-йили православ черковига айлантирилади. Эслатиб ўтамиз, рус ишғолига қадар бу шаҳарда биронта ҳам черков йўқ эди.

1988-йилгача шаҳарда ягона масжид-Ҳожи Музаффар оға Чодирли масжиди фаолият юритган. 1988-йилнинг 23-февралида эса арманилар бу масжидни ва озарбайжон ўрта мактабини ичидаги инсонлар билан бирга ёқиб юборади.

Ереваннинг аслида мусулмонлар томонидан бунёд этилган шаҳар эканлигини, унинг саҳифаларидарус ва армани босқинчилар қолдирган қонли излар борлигини тарихий манбалардан ўрганиш вақти аллақачон етиб келди, деб ўйлаймиз.