Microsoft “Nuance”ни сотиб олмоқда

Microsoft нинг Nuance ни сотиб олиши жараёни бир қанча қийинчиликлар билан кечмоқда.

Microsoft 2021 йил 12 апрелда Сунъий идрок ва нутқ технологиялари билан шуғулланувчи Nuance компаниясини 19,7 миллиард долларга сотиб олиш мақсадини эълон қилганди. Ушбу шартнома Microsoft нинг шу кунгача амалга оширган энг йирик харидларидан иккинчиси ҳисобланади. Ундан олдин Microsoft “LinkedIn”ни 26,2 миллиард долларга сотиб олганди.

Nuance кўпчиликка Apple нинг “Siri” ёрдамчисини ишлаб чиқаришда кўмаклашган компания сифатида танилган, аммо унинг овозли технологияси бошқа соҳаларда ҳам, жумладан тиббиёт саноатида ҳам кенг қўлланилади.

Microsoft 2019 йилдан бери Nuance билан ишлаб келмоқда ва унинг ҳамкорлиги асосан беморларнинг тиббий маълумотларини олишга ёрдам бериш доирасида бўлган. Microsoft га Nuance нинг қўшилиши технологияни кенг профилли профессионал соҳаларда, хусусан тиббиёт йўналишида қўллаш имконини беради.

19,7 миллиард долларлик битимда Nuance компаниясининг қарзларини тўлаш ҳам назарда тутилган. Microsoft келишув 2021 йил охирига қадар ёпилишига умид қилмоқда.