Камала Харриснинг самолётида техник муаммо кузатилди

Америка Вице президенти Камала Харриснинг Гватемала ва Мексикага уюштирилиши керак бўлган чет элга биринчи сафари якшанба куни бошланиши кутилган эди. Аммо, самолётда кузатилган айрим техник носозликлар туфайли парвоз, учишга тахминан 30 дақиқа қолганида тўхтатиб қўйилди.

“Мен яхшиман. Мен яхшиман”, – деди журналистларга Харрис самолётдан омонликда тушиб олганидан сўнг. Камала хоним бортда экипаж ва йўловчилар дуо қилганликларини ва аҳволларини яхши эканликларини айтиб ўтди.

Журналистлар самолёт шассисидан келаётган ғайриоддий шовқинни эшитдилар, аммо самолёт Мериленд штатидаги Эндрюс қўшма базасига хавфсиз тарзда қайтарилди.

Харриснинг бош вакили Саймон Сандерс журналистларга кузатилган носозлик техник муаммо эканлигини, хавфсизлик билан боғлиқ жиддий муаммолар йўқлигини айтиб ўтди.

Харрис Гватемала шаҳрига боришдан олдин самолётларини алмаштириши керак эди. Гватемала шаҳрида Марказий Америка ва Мексика давлатлари иммиграциясига оид асосий сабаблар икки кун давомида муҳокама қилиниши кутилаётган эди.