“Ислом ҳамкорлик ёшлар форуми (ICYF)” ёшларни “Ёш кўнгиллилар” лагерига чорлайди

Ислом ҳамкорлик ёшлар форуми (ICYF) ёшларни пандемия, табиий офатлар ва гуманитар инқироз пайтида ўзаро ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича амалий билим ва кўникмалар бериш мақсадида “ICYF Ёш кўнгиллилар лагери” дастурини эълон қилади.

Дунё мисли кўрилмаган ўзгаришларни бошдан кечираётганлиги сабабли, ҳар бир масъулиятли шахс ушбу қийин пайтларда жамоа бўлиб ишлаш ва бир-бирларини қўллаб-қувватлаш учун ўз кучларини бирлаштириши керак. Кўнгилли ва беғараз ёрдам кўрсатиш ҳозирги вақтда одамларни бирлаштириш ва уларни энг кўп ёрдам зарур бўлган жойларга йўналтиришда ҳал қилувчи ва муҳим ечим ҳисобланади.

Лагерь дастурининг мақсадлари:

ICYF Ёш кўнгиллилар лагери қуйидаги аниқ мақсадларга эришиш учун ташкил этилмоқда:

  • Ҳар қандай инқироз пайтида кўнгиллилар учун мўлжалланган қўлланманинг асосларини узоқ муддатли ечим сифатида ишлаб чиқиш;
  • Кўнгиллиларнинг салоҳиятини ошириш учун самарали шериклик тизими ва жамоани яратиш;
  • Ёшларнинг етакчи ташкилотларига кўнгиллиларни бошқариш бўйича ваколат бериш;
  • Интерактив тренинглар орқали ёш кўнгиллилар салоҳиятини ошириш;
  • Гуманитар инқироз пайтида кўнгиллиларга фуқаролик ва инсон ҳуқуқлари бўйича таълим бериш;
  • Пандемия ва гуманитар инқироз пайтида барқарор ечимларни топиш учун самарали ҳамкорлик қилиш йўлида ёшлар ташкилотлари ўртасида ўзаро тармоқ шакллантириш;
  • Ёшларнинг кўнгиллиликнинг умуминсоний қадриятлари тўғрисидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш;
  • Ёшлар учун фикрлар алмашинуви платформасини яратиш;
  • Ёшларнинг муваффақиятли ташаббусларидан энг яхши намуналари билан лагер иштирокчиларини таништириш;
  • Иштирокчиларнинг турли хил молиялаштириш манбалари ва лойиҳаларни бошқариш бўйича билимларини ошириш.

Манзил ва муддат:

Манзил: Анталия, Туркия

Муддат:

5-10 июль ёш аёллар учун

12-17 июль ёш йигитлар учун

Якуний танлов ташкилий қўмита томонидан амалга оширилади. Дастурда қатнашиш учун номзод қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

  • ИҲТ га (Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти) аъзо давлатнинг фуқароси ёки ИҲТга аъзо бўлмаган давлатнинг мусулмон фуқароси;
  • Инглиз тилида мулоқот қилиш қобилияти;
  • 18-30 ёш оралиғида бўлиши;
  • Гуманитар ва кўнгилли ишлар бўйича тажриба;
  • Жамоа бўлиб ишлаш қобилияти;
  • Кўнгиллик лойиҳалар бўйича фаолият (мақола, лойиҳа, фото, видео ва бошқалар).
  • Кўнгиллилар билан боғлиқ лойиҳада иштирок этган ёки уни бошқарган бўлиш;
  • Етакчилик қобилиятига эга бўлиш;
  • Лагерь ўқув дастурига тўлиқ қатнашиш учун қизиқиш ва масъулият.

Муҳим: Фақатгина танланган иштирокчиларга лагерь дастурида қатнашишлари мумкинлиги тўғрисида маълумот берилади.

Аризалар 2021 йил 13 июндан кечиктирмай топширилиши керак.

Танлов натижалари тўғрисида маълум қилиш:

Танланган иштирокчиларга танланганлик ҳақида электрон почта орқали тасдиқнома юборилади. Вақт қисқалиги сабабли танловдан ўтмаган номзодлар хабардор қилинмайди. Танлов натижалари тўғрисида умумий маълумотлар ICYFнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштирилади

Овқатланиш, турар жой, ички транспорт ва шаҳар бўйлаб саёҳат харажатлари мезбон ташкилот томонидан тўлиқ қопланади.

Дастурда тўлиқ иштирок этган иштирокчиларга ICYF ва дастур шериклари томонидан сертификатлар топширилади.

Қўшимча маълумот учун volunteer@icyforum.org манзилига мурожаат қилишингиз мумкин.