ИККИТА “МЕТРИКА”М БОРМИ?

— Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномам йўқолганлиги сабабли ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилдим. Шунда менга тегишли бўлган 2 та бир хил туғилганлик тўғрисидаги далолатнома ёзуви мавжудлиги аниқланди. Бундан келиб чиқадики, менга иккита гувоҳнома берилган, шундайми?

Д.Расулов.

Саволга  Самарқанд туман ФҲДЁ бўлими мудираси Зарина Нуриддинова жавоб берди.

— Йўқ. Бу фуқаролик далолатнома ёзувларининг бири сиз туғилган вақтда, 1952 йилда расмийлаштирилган. Иккинчиси 1959 йилдаги тикланган далолатнома ёзуви ҳисобланади.

Бу ҳолатда сиз ФҲДЁ бўлимидан такрорий гувоҳномани дастлабки, яъни 1952 йилдаги туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви бўйича олишингиз мумкин. Далолатнома ёзувида ёзувлар бир хил бўлса улар тузилган жойдаги ФҲДЁ бўлими томонидан аризангизга асосан бекор қилиниши мумкин.

Агарда топилган далолатнома ёзувларида фамилия, исм, ота исми, туғилган сана, ота-она тўғрисидаги маълумотларда жиддий фарқ бўлса, тикланган фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари суднинг қарори билан бекор қилинади.

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси

Ахборот хизмати