Дунёнинг чўққисига чиқишни истайсизми?

дунёнинг энг баланд чўққиси Жомолунгмага, яъни Эверестга чиқишни осон иш деб  бўлмайди.

Авваламбор, бу экспедиция арзонмас, унга 38 миндан то 70 минг АҚШ долларигача пулингиз кетади. Биргина мамлакатингизни байроғини Эверестга тикишингиз учун Непалга 2200 $ тўлайсиз.
Ундан ташқари медицина ,хавфсизлик хизмати, овқатланиш, базалардаги ижара ҳаққи, чўққига чиқиш асбоб-анжомлари ҳам арзон эмас. Чўққига олиб чиқишда альпинистларга маҳаллий аҳоли вакиллари жуда катта ёрдам берадилар,аммо уларнинг хизматлари ҳам текин эмас.
Эверестга чиқиш учун камида икки ой вақтингиз кетади.
Биринчидан Эверестга чиқиш энг қулай бўлган жанубий томонига етиб олишни ўзи осонмас.Чўққига чиқиш мумкин бўлган шимолий база  Хитойга тегишли бўлгани учун кўпчилик альпинистлар жанубдан Непал томонидан чиқишни маьқул кўрадилар,чунки Хитойдан рухсат олиш бюрократик тўсиқлар билан анчагина қийин қилиб қўйилган, устига устак қимматга тушади.

Шунинг учун кўпчилик  альпинистлар Непалга билет оладилар. Сиз аввал Непал пойтахти-Катмандуга етиб олсангиз хам катта гап.
Катмандуга келгач, махсус самолётларда Луклу деган аҳоли пунктига учасиз. Тахминан 40 минутда Луклуга қўнасиз ва жанубий базага қараб 50 километрли пиёда йўлни босишни бошлайсиз.
Тасаввур қилинг,  энди сиз ҳали Эверестга чиқиш учун энг пастдаги базага етиб боришингиз учун камида ўн кун вақтингизни сарфлайсиз.
Бир амаллаб асосий бош базага етиб келасиз. Бу дастлабки база- денгиз сатҳидан 5800  метр баландликда жойлашган. 2-чи база-7000 метрда, 3- чи база- 7800 метрда ва охирги 4-база- 8300 метрда жойлашган.
3-чи базадан бошлаб ўлим зонаси деб аталувчи ҳудуд бошланади.
Эверестнинг юқори қисмида босимнинг тушуши  кучаяди,турли хил қор кўчкилари,муз кўчишлари,бўронлар юз беришининг хавфи кучли. Учинчи базадан бошлаб  альпинистларнинг бошлари отилиб кетгудай оғрийди,  кўзлар хатто кўрмай қолиши хам мумкин, иштаҳа эса тамоман йўқолишиям ҳеч гапмас. Юқорида ҳаво ҳарорати-60 градусга тушиб кетади.
Бу ёғи энди худодан,  агар омадингиз келса тирик қайтиб тушасиз,бўлмасам, мангу ўша тоғлар қаърида қолиб кетишингиз ҳам ҳеч гапмас. Шунинг учун Эверестга чиқиб тушган одамларга фақат тасаннолар айтиш ва улар билан ҳайратланиш мумкин.