Буркина Фасодаги терактда ҳалок бўлганлар сони 160 кишига етди

Буркина Фасонинг шимолидаги қишлоқларнинг бирида содир бўлган терактда ўлганлар сони 160 кишига етди. Маълумотларга кўра, жумадан шанбага ўтар кечаси Саҳел вилоятининг шимолидаги Ягга қишлоғида юз берган терактда вафот этганлар сони 160 тага етган.

Оғир жароҳат олганларнинг кўплиги сабабли қурбонлар сони янада ортиши кутилмоқда.

Мамлакатда шанба кунидан бошлаб уч кунлик миллий мотам эълон қилинди. Мамлакатда содир бўлган терактни кўплаб халқаро ташкилотлар қораладилар.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби Антониу Гутерриш ҳужумни кескин қоралади ва халқаро ҳамжамиятни минтақадаги терроризмга қарши курашаётган давлатларга ёрдамни кучайтиришга чақирди.

Европа Иттифоқи томонидан қилинган баёнотда ушбу “ваҳшийлик” ҳужуми ҳар қачонгидан ҳам қаттиқроқ қораланганлиги ва Буркина Фасода терроризмга қарши курашни янада қўллаб-қувватлаш бўйича чақириқ алоҳида эътиборга моликдир.

Кот-д’Ивуар президенти Алассан Уаттара ҳам ҳужумни қоралади ва Буркина Фасо халқи билан биргалигини эълон қолди. Буркина Фасо тез-тез Саҳел минтақасида жойлашган ал Қоида билан боғлиқ гуруҳлар томонидан уюштирилган террор ҳужумлари нишонига айланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, тинч аҳоли ва аскарларга қаратилган ҳужумлар туфайли 1,1 миллион киши мамлакат ичида миграция қилишга мажбур бўлган.