Африкадаги масжидлар

Африка қитъасида яшовчи мусулмонлар ўзига хос меъморий услубдаги масжидларни қурганлар. Бу масжидларни кўрганлар кўпинча ҳайратдан ёқа ушлашади ва уларнинг қурувчиларига тасанно айтишади.

Бу мақолада Саҳройи Кабирнинг ғарбида жойлашган минтақаларга хос бўлган ва судан-сахель услуби деб аталадиган меъморий услубда қурилган 6 та ажойиб масжид ҳақида маълумот берамиз. Уларнинг барчасида эркаклар ва аёллар учун алоҳида намозхоналар мавжуддир.

1.Буюк Женне масжиди, Мали

Женне-Саҳройи Кабирдан жануб томонга тўғри, Нигер ва Бани дарёлари ҳавзасида, Тимбукту шаҳридан 354 км. жануби-ғарбда жойлашган машҳур ва қадимий шаҳардир. XIII асрда маҳаллий султон Кунбуру исломни қабул қилди ва ўз саройини масжидга айлантиришни буюрди. Ўша кундан бошлаб ислом Африканинг бу ҳудудида тезлик билан ёйила бошлади.

Расмдаги масжиднинг илк биноси 1330-йил қурилган эди, ҳозиргиси эса 1907-йили қайта барпо қилинганидир. У тупроқдан тайёрланган ғиштлар ва лойли эритма ишлатилиб барпо қилинган дунёдаги энг катта бино ҳисобланади. Бу масжид 3 мингга яқин кишини сиғдира олади. Ҳар йили маҳаллий мусулмонлар ҳашар йўли билан унинг кам-кўстини тузатадилар. Женне масжиди Юнеско томонидан дунё маданий  мероси рўйхатига киритилгандир.

2. Лабаранга масжиди, Гана

Ганадаги Лабаранга шаҳрида жойлашган бу масжиднинг тарихи 700-йил аввалига бориб тақалади ва ғарбий Африкадаги энг қадимий масжидлардан бири ҳисобланади. У бутунлай оқ рангга бўялгандир ва пирамида шаклидаги икки асосий минораси бордир.

3.Агадас масжиди, Нигер

Дунёдаги энг иссиқ шаҳарлардан бири бўлган Агадасни “саҳро дарвозаси” деб ҳам аташади. У Саҳройи Кабирнинг жанубий чегарасида жойлашган. Агадас масжиди лой ғиштдан қурилган бўлиб, 24 метрли минорага эгадир. У ўтмишда қўриқчи минора бўлиб ҳам хизмат қилган.

4. Бобо-Диуласо масжиди, Буркино-Фасо

XIX асрда Бобо-Диуласо шаҳрида маҳаллий подшоҳ ва мусулмонларнинг сиёсий  лидери ўртасидаги сулҳ рамзи сифатида қурилган бу масжид тахминан 1880-1893-йиллар орасида барпо қилинади. Масжид даҳлизларида 65 та устун ўрнатилган ва улар ичкарига кирган инсонда ҳақиқий шахмат доскасини эслатувчи тааасурот қолдиради.

5.Бани масжиди, Буркино-Фасо

Бу масжиднинг қачон қурилганлиги ҳақида аниқ бир маълумот йўқ. Уни барпо қилиш ташаббуси эса маҳаллий ҳожи Муҳаммад ал-Ҳожига оиддир. Маҳаллий аҳоли уни ҳашар йўли билан икки йилда қуриб битказганлар. Бино асосий масжид ва 6 та қўшимча масжидлардан иборат. Узоқдан қараганда улар намоздаги инсонларни эслатади.

6.Санкоро масжиди, Тимбукту-Мали

Малининг энг бой одами бўлган Манса Мусо пайтида бу масжид маҳаллий университет сифатида хизмат қилган. У пойтахт Тимбуктуда жойлашган. Масжидни илк бор кўрган сайёҳлар ўзларини афсонавий ерга тушиб қолгандек ҳис қилишади.