Афғонистонда Толибон тинчимаган

БМТ ҳисоботида баён этилишича АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиши асносида Толибон ҳаракати жонланиб қолган ҳамда у назорати остида бўлмаган ҳудудларни босиб олишга тайёргарлик кўрмоқда.

2020 йил давомида мамлакатда зўравонлик даражаси кескин ошган ва энг ачинарлиси ушбу жараён 2021 йилда ҳам давом этмоқда. Толибон гуруҳи ҳозирда Афғонистон маъмурий марказларнинг ярмидан кўпини ўз назорати остида ушлаб турибди.

Толибон ҳукумат билан келишувга шошмаяпти, аксинча, ҳарбий ҳужумларнинг сонини тобора орттириб бормоқда.

Ҳисоботда келтирилган маълумотларга кўра, мамлакатдаги ҳуқуқ фаоллари, аёллар, халқаро журналистларга нисбатан зўравонликларнинг кўпларида Толибоннинг қўли бор.

БМТ ҳисоботида яна бир муҳим жиҳат келтириб ўтилган. Унда айтилишича Толибоннинг даромади ўтган йилги 300 миллион доллардан, ҳозирга қадар 1,6 миллиард долларга кўтарилган.

Шунингдек, гуруҳ раҳбарлари ҳалигача ал Қоида билан расман бўлмасада, алоқа қилиб келмоқда.

АҚШ мутахассисларининг фикрича, давлатда тинчлик ўрнатилишининг асосий омили юқорида номлари қайд этилган гуруҳлар ўртасидаги тинчлик келишувидир.

Эслатиб ўтамиз, бугунга қадар АҚШ Афғонистондан қўшин ва ҳарбий техниканинг 44 фоизи олиб чиқиб кетди.