Янги давр технологияси: Дунёдаги энг йирик тузли Қуёш энергияси станцияси

АҚШнинг йирик қуёш энергияси лойиҳаларини ишлаб чиқувчи SolarReserve компанияси энг илғор қуёш иссиқлик технологиясидан фойдаланган ҳолда Невада штатининг Тонопа шаҳри яқинида жойлашган 110 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга Crescent Dunes қуёш энергияси заводи учун 540 футлик (165 метр) қуёш электр минорасини қуриб битказганлигини эълон қилди. Crescent Dunes заводи бутун дунёда шу каби заводлар орасида электр станциясини тўлиқ интеграциялаштирган энг йирик энергия йиғиш қувватига эга бўлган биринчи тижорий қуёш энергияси иншооти ҳисобланади.

“Қуёш энергияси минорасининг қуриб битказилиши нафақат SolarReserve ва бизнинг заводимиз учун, балки бутун дунёда қуёш энергетикаси саноати учун муҳим воқеа ҳисобланади. Ушбу минора Америка инновацион лойиҳалари самарали амалга оширилаётганини кўрсатмоқда ва аллақачон иш ўринларини яратмоқда”, – дейди SolarReserve бош директори Кевин Смит.

“Биз SolarReserve билан дунёдаги етакчи қуёш технологиясини қуришда ҳамкорлик қилаётганимиздан мамнунмиз”, – деди ACC Cobra бош директори Хосе Алфонсо Небрера Гарция. SolarReserveнинг эритилган туз воситасида электр энергия ишлаб чиқарадиган қуёш минораси технологияси дунё иссиқлик энергиясининг қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборади ва биз Невадада ушбу оламшумул технологияни амалга оширишда ёрдам берганимиздан хурсандмиз.”

Crescent Dunes лойиҳаси NV Energy корхонаси билан 25 йиллик электр энергиясини таъминлаб бериш тўғрисидаги шартномани имзолади ва қурилиши тугагандан сўнг тахминан 75000 хонадонни тоза энергия билан таъминлайди.