Тезкор: Ковид-19 сунъий равишда яратилгани тўғрисида оламшумул хабар

“КОВИД-19 хитойлик олимлар томонидан яратилган бўлиб, у “табиий ташувчиларга эга эмас”, олимлар вирус табиий равишда тарқалгандек тасаввур пайдо бўлиши учун “ретро-муҳандислик” йўли билан ўз ҳаракатларини яширишга ҳаракат қилишган”, – дейилади тақдим қилинган янги тадқиқотда.

Янги тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатмоқдаки, хитойлик олимлар Ухан лабораториясида КОВИД-19ни яратганлар, сўнгра вирус кўршапалаклардан табиий равишда тарқалиб кетганлиги ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун “ўз изларини” муҳандислик версиялари билан ёпишга ҳаракат қилганлар.

Тадқиқот муаллифлари, британиялик профессор Ангус Далглеиш ва норвегиялик олим Биргер Соренсонлар бўлиб, уларнинг қўлларида бир йил давомида “Хитойдаги ретро-муҳандислик тўғрисида” “прима фасия” (ишончли) далиллари бўлганлигини, аммо академик нашрлар ва йирик журналлар уларни эътиборсиз қолдирганликларини ёзишмоқда.

Далглеиш Лондоннинг Сент-Жорж университети онкология профессори бўлиб, ОИТС ташхиси қўйилган беморларни даволаш ва уларга бир неча ойлар давомида дори-дармонларни қабул қилмасдан меъёрдаги ҳаёт кечиришга имкон берадиган биринчи “ОИВга қарши вакцина”ни яратганлиги билан машҳурдир.

Вирусолог олим Соренсен эса Биовакк-19 деб номланган коронавирусга қарши эмлашда қўлланилиши мумкин бўлган номзод вакцинани ишлаб чиққан Иммунор фармацевтика компаниясининг раиси ҳисобланади.

Тадқиқотда ҳайратланарли “айбловлар” орасида Хитой лабораторияларида “маълумотларнинг қасддан йўқ қилиниши, яширилиши ёки зарарлантирилиши” кабилар борлиги ва коммунистик мамлакатда касаллик борасида ўз сўзларини айтган олимларнинг “овозлари ўчирилгани” ёки “йўқ бўлиб қолганлари” қайд этилган.

DailyMail.com нашрига тақдим қилинган ва яқин кунларда нашрга тайёрланаётган мақола илмий жамоатчилик орасида катта резонансга сабаб бўлиши кутилмоқда, чунки аксарият мутахассислар яқин кунларгача КОВИД-19 табиий усулда ҳайвонлардан одамга ўтганлигини таъкидлаб келадилар.

Ўтган йили КОВИД-19 намуналарини таҳлил қилиб, вакцина яратишга ҳаракат қилган Далглеиш ва Соренсен вирусда “ноёб бармоқ излари”ни аниқладилар. Уларнинг айтишларича, ушбу излар фақатгина лаборатория манипуляцияси натижасида пайдо бўлиши мумкин.

Олимлар ўзларининг хулосаларини кенг жамоатчиликка етказиш учун ҳаракат қилишган, аммо ўша пайтда вирус табиий равишда кўршапалаклардан ёки бошқа ҳайвонлардан одамларга ўтган деган қатъий қарашлар мавжудлиги туфайли йирик илмий журналлар ҳам уларнинг тадқиқотларини нашр этишни рад этишган.

МИ6 (Буюк Британия махфий хизмати) собиқ раҳбари Сер Ричард Диарлав “олимларнинг назариясини ўрганиш керак” деб очиқ гапирганда ҳам, унинг қараши “сохта янгилик” грифи остида рад этилганди.

Америка президенти Жо Байден ҳам разведка хизматига вируснинг пайдо бўлиши, шу жумладан лаборатория воқеалари назариясини қайта текшириш бўйича топшириқ берди.