Тарихий фактлар: Таксондаги яширин самолётлар қабристони

Ҳарбий самолётлар хизмат муддатини ўтаганидан сўнг уларга нима бўлишини биласизми? Улар махсус самолётлар қабристонига юборилади. Ўз турида дунёдаги энг катта самолётлар қабристонига хуш келибсиз! Бу жой расмий равишда 309 AMARG (Аэрокосмик техник хизмат кўрсатиш ва қайта тиклаш гуруҳи) деб номланади. AMARG Аризона штатининг Таксон шаҳридаги Девис Монтан авиабазасида жойлашган. Ушбу лойиҳага Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг старт берилган. Айни пайтда ушбу аэродромда 4400 та самолёт ва 500 нафардан ортиқ ишчилар бор.

Бу аэродром барча хизматни ўтаб бўлган ҳарбий ва ҳукумат самолётлари учун махсус майдон ҳисобланади. Бу ерда АҚШ Ҳаво кучлари, Денгиз кучлари, Соҳил хавфсизлик кучлари ва НАСАга тегишли самолётлар, реактив қирувчилар, вертолётлар ва космик транспортлар қайта ишланади. AMARGнинг яна бир муҳим вазифаси қирувчи самолётларни дронларга айлантиришдир.

Самолётлар аэродромга келгандан кейин ўқотар қуроллардан, қурол ўқларидан, соатлардан, катапултлардан ва махфий жиҳозлардан тозаланади. Сўнг яхшилаб ювилади. Самолётларни ювиш, айниқса, тузли муҳитларда хизмат қилган транспорт воситалари учун жуда муҳимдир. Тузни тўлиқ тозалаб ташлаш керак, шундагина самолётнинг ташқи қопламаси зангламайди.

Двигателлар ҳам бўшатилиб, тозаланади ва енгил ёғ билан тўлдирилади. Уларнинг ички қисмини ёғ қоплаб, “ҳимоя қатлами”ни ҳосил қилади. Ниҳоят самолёт чанг, юқори ҳарорат ва қуёш нурларидан ҳимояланган ҳолатда белгиланган сақлаш жойига олиб борилади.