Тарихий фактлар: 50 йилдан бери ёнаётган шаҳар

Пенсилвания штатидаги Централия бир пайтлар кончилик маркази бўлган, аммо яширин, ер ости ёнғини уни арвоҳлар шаҳарчасига айлантирди.

Бир аср олдин шаҳар дўконлар ва аҳоли билан тўлган марказ эди. Маҳаллий конлардан олинадиган кўмир уйларни иситар ва иқтисодиётни ҳаракатга келтиради.

Кўмир конларидаги ёнғинлар инсоният учун янгилик эмас, аммо Централия АҚШнинг энг даҳшатли ва ҳунук тарихий воқеълигидир.

1860 йилларда бу шаҳарни Ирландияда пайдо бўлган ва Ирландиялик муҳожирлар билан бирга Америкагача етиб келган машҳур “Молли Магуаер” махфий жамияти аъзолари макон тутишган. 1860 йилларнинг охирларида “Молли Магуаер” мафияси шаҳарда зўравонлик содир этганликда гумон қилиниб, шаҳарнинг асосчиси Александр Рей ва биринчи руҳонийсининг ўлимида айбдор деб топилган. Охир оқибат, мафияни йўқ қилиш учун шафқатсиз уринишлар ва мафия аъзоларининг 1877 йилда қатл этилиши натижасида жиноят тўлқини тўхтаган.

Централиянинг арвоҳлар шаҳарчасига айлантирган фожианинг қандай бошлангани аниқ эмас. Тахмин қилинишича, ахлатхонага айлантирилган полигонга 1962 йилда ўт қўйилиши оқибатида ўчмас ёнғин бошланган.

1962 йил май ойида шаҳар кенгаши Централиянинг Хотира куни тантаналари учун маҳаллий ахлатхонани тозалашни таклиф қилади ва ахлотхоналарга ўт қўйиб юборадилар. Кўп ўтмай, шаҳар остидаги кўмир қатламида ёнғин авж олади. Олов шаҳар кўчалари остидаги туннелларга тарқалади. Маҳаллий конлар хавфли углерод оксиди даражаси юқорилиги туфайли ёпилган. Ёнғинни ўчириш учун барча уринишлар муваффақиятсиз якун топган.

Йиллар ўтиши билан шаҳарнинг ости қизигандан қизийверди. Баъзи жойларда иссиқлик дараси 900 фаренгейт (482 целсий) даражадан ошди. Аҳоли соғлиқ билан боғлиқ муаммолар ҳақида хабар беришни бошладилар. Шаҳарнинг иккита қабристонидаги қабрларни ғазабланган олов ўз қаърига тортиб кетди.

Ёнғинни ўчириш имконсизлигини билгач Конгресс аҳолини кўчириб юборишга қарор қилди. 1992 йилда шаҳар номи Пенсилвания штати манзиллари рўйхатидан бутунлай чиқариб ташланди, Централиянинг барча бинолари умрбод ёпилди, унинг почта индекси фаолият кўрсатишни тўхтатди.

Бугунги кунда, Централия ҳали ҳам Пенсилвания штатида маълум бўлган 38 та фаол олов ўчоқларидан бири сифатида ёнмоқда. Штатнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш департаментига кўра, ёнғин назоратсиз қолса яна бир аср ёниши мумкин.