Охирги ойларда махфий кузатувлар кўпайди-Туркиядаги уйғурлар хавотирда

Истанбул университетларидан бирида халқаро алоқалар соҳасида докторантурада таҳсил олаётган Шарқий Туркистонли уйғур талаба  Ёқуб М. бир неча йиллар аввал Туркияга бакалавр йўналишида таҳсил олишга келади. Докторантурага қабул қилинган Ёқуб бу ерда турмуш ўртоғи, онаси ва синглиси билан бирга яшаб келмоқда.

2017-чи йилдан бери Хитойга қарашли Шинжонда қолиб кетган оталаридан ҳеч қандай хабар ололмаганлигини айтган Ёқуб яна шуларни ҳам хавотир билан қўшиб қўйди-“Охирги 2-3 ҳафталарда Сефакўй ва Зайтунбурнуда яшаётган уйғурларнинг уйларига полиция бостириб кирмоқда ва махсус кузатув остига олмоқда. Депортация марказига жўнатилганлар ҳам бор. Баъзиларни бир неча ойлик терговдан кейин қўйиб юборишмоқда. Шунақа воқеалардан кейин уйғурлар хавотир ва ваҳимага тушиб қолдилар.

 “Хитойнинг террористик тўри жуда кенг!”деган Ёқуб Шинжон-Уйғур Мухтор Вилоятининг пойтахти Урумчида туғилиб вояга етди. У Хитой ҳақида шуларни сўзлайди:Намоз ўқиш, диний бир маросимга бориб қатнашиш, маъруза эшитиш, соқол қўйиш, рўмол ўраш, болаларга ўз она тилини ёки Қуръони Карим ўқишни ўргатиш каби жуда табиий ва кундалик ҳаётимизнинг ажралмас парчаси бўлган фаолиятлар улар учун терроризмдир  ва йўқ бўлишга маҳкумдир.

Мен тамоман қонуний йўллар билан келдим, бироқ…’

“Мен бу ерда талабаман. Тамоман қонуний бўлган йўллар билан келдим. Хитой фуқаросиман, бакалавриат ва магистратурани Туркияда битирдим. Докторантурада ҳам бу ерда ўқияпман. Туркияда яшаш учун рухсатномам бор, лекин ватанимга қайтолмаяпман. Чунки Туркияда яшашим ҳам улар учун жиноятдир. Яъни, даволаниши керак бўлган идеологик касалман. Бир ўйлаб кўринг энди, қандай жойдан келганимни.”

Ёқубнинг айтишича, Туркиядаги уйғурларнинг кўпчилиги ҳеч қандай сиёсий кураш олиб бормаётган бўлсалар ҳам, чет элда яшаётганликлари ва қайтмаётганликлари учун Хитойнинг наздида ўта хавфли жиноятчи ҳисобланадилар. Туркия фуқаролиги учун мурожаат қилганлар ҳам миллий хавфсизлик учун катта таҳдид сифатида қабул қилинадилар.