Нидерландияги қамоқхоналар меҳмонхоналарга айлантирилмоқда

Нидерландияда ҳам бошқа мамлакатлар сингари қамоқхоналар ва маҳбуслар билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Аммо бошқа давлатлар қамоқдаги маҳбусларнинг ҳаддан ташқари кўплиги билан курашаётган бўлса, Нидерландия қамоқхоналарни тўлдиришга қийналмоқда.

Сўнгги йигирма йил ичида Голландияда жиноятчилик даражаси пасайиб бормоқда, чунки бу мамлакат одамларни қамоққа юборишдан кўра реабилитация қилишни афзал кўрмоқда.

“Қамоқхоналар давлатга жуда қимматга тушади. Қамоқда маҳбусларни аҳлоқий жиҳатдан қайта тарбиялашга эътибор қаратувчи Қўшма Штатлардан фарқли ўлароқ, Нидерландия махбуслар учун нима самаралироқ бўлишига эътибор қаратади”, – дейди Роттердам Эрасмус ҳуқуқ мактаби криминология профессори Рене ван Сванинген Нью Йорк Таймсга берган интервьюсида.

“Голландияда биз шахснинг ўзига эътибор қаратамиз,” – деб тушунтиради Норгерҳавен қаттиқ тартибли қамоқхонаси бошлиғи ўринбосари Ян Рулоф ван дер Спойл. “Агар кимдир наркотик таъсирига тушиб қолган бўлса, биз унинг соғлигини яхшилаш учун курашамиз, кимдир тажовузкор бўлса, унга ғазабни бошқаришни ўргатамиз, агар кимдир пул билан боғлиқ муаммоларга дуч келган бўлсалар, уларга кредит олиш ва тўлаш тартиблари ҳақида маслаҳат берамиз.”

2013 йилдан бери Голландияда 19 та қамоқхона ёпилди ва янада кўпроғи яқин йилларда ёпилиши кутилмоқда. Ёпиқ қамоқхоналарнинг бир қисми уйсизлар учун бошпаналарга айлантирилди, баъзилари эса квартиралар ва меҳмонхоналар сифатида қайта таъмирланди.

Роэрмонддаги Ҳет Аррестуис қамоқхонаси 1863 йилда очилган ва қарийб 150 йиллик хизматдан сўнг 2007 йилда ёпилган. Тўрт йилдан сўнг у 40 хонали меҳмонхона сифатида қайта очилди.

Амстердамдаги Билмербаес қамоқхона мажмуаси ҳам 1350 та турар-жой комплексига айлантирилиб, яшил, экологик тоза маҳалла сифатида таъмирланмоқда. Олтита баланд минораси бўлган ушбу қамоқхона 2016 йилда ёпилган эди.

Голландия сингари, Швецияда ҳам жиноятчилик даражаси пасаймоқда ва ҳозирга қадар мамлакатда 56 та қамоқхона ёпилган.