Исроилнинг собиқ ҳарбий учувчиси: “Бизнинг армиямиз ҳарбий жиноятчилар томонидан бошқариладиган террористик ташкилот”

Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг собиқ учувчиси Ёнатан Шапира Исроил ҳукумати ва армиясини “ҳарбий жиноятчилар” томонидан бошқариладиган “террористик ташкилот” деб таърифлади.

2003 йилда Фаластиннинг Иккинчи интифодаси пайтида Исроил армиясидан истеъфога чиққан капитан Шапира Анадолу янгиликлар агентлигига берган эксклюзив интервьюсида армияга қўшилгандан кейин у нима учун “террористик ташкилотнинг аъзоси”га айланиб қолганини тушунтириб ўтди.

У иккинчи интифода пайтида Исроил ҳарбий ҳаво кучлари ва Исроил ҳарбийлари қилаётган ишларнинг уруш жинояти эканлигини, миллионлаб фаластинлик аҳолини даҳшатга солаётганликларини англаб етган. Буни тушуниб етгач, Шапира шунчаки армиядан кетишни эмас, балки ушбу жиноятларда иштирок этишдан бош тортадиган учувчилар гуруҳини ҳам ташкил қилишга қарор қилганлигини айтди.

“Сиз Исроилда болалигингиздан жуда кучли сионистик ҳарбий маълумотларга тўла тарбия оласиз. Фаластин ҳақида, 1948 йилги Накба ҳақида, давом этаётган зулм ҳақида деярли ҳеч нарса билмайсиз “, – дейди Шапира.

Исроил армиясини тарк этганидан бери, Шапира бошқа ҳарбийларни фаластинликларга ҳужум қилиш буйруғига бўйсунмасликка ундовчи кампанияни ташкил қилди.

Кампания натижасида 2003 йилдан бери 27 нафар ҳарбий учувчилар Исроил ҳарбий ҳаво кучларидаги лавозимларидан воз кечдилар.