Иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун воситалар етарли, уларни ишга сола билиш керак

Кўплаб журналистлар ҳукуматларни иқлим ўзгариши учун масъул деб ҳисоблайдилар. Соҳага оид кўплаб илмий маълумотлар кўпинча сиёсатчилар томонидан бошқарилади.

Атмосферага етказилган зарарнинг ҳақиқий қийматини ҳисобласангиз, сиёсатчиларнинг карбонат ангидридни камайтириш бўйича ҳаракатлар жуда қимматлиги ҳақидаги даъволари сизга тентакликдек туюлаверади. Кўплаб мамлакатларда сиз бирор сув ҳавзасини ифлослантирсангиз, уни тозалашингиз ёки етказилган зарар учун катта миқдорда жарима тўлашингизга тўғри келади. Атмосферага СО2 чиқарадиган бўлсак, нега етказилган зарар учун жарима тўланмайди? Сув ҳавзаларини кўз билан кўра олишганимиз ва карбонат ангидрид гази эса шаффоф бўлгани учунми?

Инсонларда аллақачон иқлим ўзгаришига қарши курашиш воситалари мавжуд. Сўнгги йигирма йил ичида қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришда улкан ютуқларга эришилди. Халқаро энергетика агентлиги 2019 йилда электр энергиясининг деярли 30 фоизини қайта тикланадиган манбалар, жумладан гидроэнергетика, қуёш, шамол, биомасса ва геотермик манбалар воситасида ишлаб чиқарилганини хабар қилди.

Водород ёқилғиси технологияси анча вақтдан бери мавжуд. Нега бу технологиядан фойдаланилмайди? Бир нечта, жумладан, нефть компаниялари ҳақидаги фитна назариялар сабаб қилиб келтирилиши мумкин. Аммо жавоб оддий. Бунинг сабаби шундаки, қазилма ёқилғидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ўзларининг яшил муқобилларига қараганда анча арзонроқ. Маҳсулотлар харидорларга сотилганда ва ундан фойдаланилганда табиатга келтирилган ҳақиқий зарар қиймати ҳеч қачон ҳисобга олинмайди.

Дунё бўйлаб автомобиллар ва юк машиналарида бензин ва дизель, авиация учун керосин ва кемаларда алоҳида ёқилғилардан фойдаланишдан келиб чиққан заҳарли газлар 2016 йилда СО2 чиқиндиларининг 20 фоизидан кўпроғини ташкил этди. Глобал ҳарорат кўтарилишининг олдини олиш учун транспорт чиқиндиларини камайтириш кераклиги исботланди. Чиқиндисиз транспорт туридан фойдаланишга ўтиш жуда муҳимдир. Бунинг учун бир неча ечимлар, жумладан, тоза ёқилғи, транспорт воситаларининг яхшиланган самарадорлиги, одамлар ва товарларни ташиш усулларини ўзгартириш ва қайта тикланувчи – яшил шаҳарлар қуриш кабилар илгари сурилмоқда.