Имрон Хон Саудия-Покистон алоқаларини яхшилай оладими?

Покистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ўнлаб йиллик муносабатлар ҳозирда жар ёқасига келиб қолган. Исломобод ва Ар-Риёд йиллар давомида стратегик шериклик қилиб келганлар. Қироллик ҳар доим Покистонни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келган. 60 йиллардан бошлаб Покистон Саудия Арабистонидан улкан молиявий кўмак олишни бошлаган ва деярли ҳеч қачон қарзларини қайтармаган. Бунинг эвазига Исломобод Ар-Риёдга ўз ҳарбий хизматини таклиф қилиб келган.

Аммо сўнгги пайтларда Исломобод ва Ар-Риёд “бир-бирларини тушинишмаяпти”. Олти йил олдин Исломобод Яманда давом этаётган уруш пайти Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция таркибидан чиқиб кетишга қарор қилди. Натижада орага совуқчилик тушган. Агар муносабатлардан ҳарбий ёрдам олиб ташланса, Покистоннинг қиролликка тақдим этадиган нарсаси деярли ҳеч нарсаси йўқ ҳисоб.

Айни пайтда Саудия Арабистони Жанубий Осиёнинг бошқа, жумладан, Покистоннинг азалий рақиби бўлган Ҳиндистон билан иқтисодий алоқаларни ва ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришни бошлаб юборган.

2020 йил август ойида Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший агар Саудия Арабистони “Ислом ҳамкорлик ташкилоти”нинг Кашмир бўйича йиғилишига мезбонлик қилмаса, Исломобод бошқа стратегик ҳамкор қидириб топиши ҳақида огоҳлантирганди. Натижада ўзаро алоқалар кескинлашди. Ар-Риёд таҳдидга жавобан Исломободга тақдим этилган 6.2 миллиард долларлик имтиёзли қарзларни қайтариб олди. Бу тарихда биринчи марта қироллик ўз пулларини Покистондан қайтариб олиши эди.

Нью-Деҳли ва Ар-Риёд бир-бирларига яқинлашган сари Исломобод, Ар-Риёд билан ўзаро муносабатларини тузатишга киришмоқда. Расмий уч кунлик ташриф билан Саудияга борган Хон ўз карталарини тўғри ўйнай билса, Яман воқеасидан кўп ўтмай бошланган ўзаро совуқчилик, ниҳоят, ўз якунига етиши мумкин.

Икки мамлакат ўртасида имзоланган иқтисодий битимларни жонлантириш бўйича Исломобод олдинга қадам босмаса, алоқалар узра яна ноаниқлик булути пайдо бўлади. Айниқса коронавирус пандемияси шароитида Покистон ўз иқтисодиётини тиклаш ва ривожлантириш учун Саудия Арабистони билан икки томонлама манфаатли келишувларни амалга ошириши шарт.