Чегара билмас мухбирлар Исроилни Ғазо секторида уруш жиноятларини содир этганликда айблади

ННТ (Нодавлат Нотижорат Ташкилот – Чегара билмас мухбирлар ташкилоти) маълумотларига кўра, ҳужумлардан маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситаларининг жами 23 таси зарар кўрган. “Чегара билмас мухбирлар” 11 ва 12 май кунлардаги ҳарбий ҳаракатлар натижасида 14 та нашр ва телеканаллар жойлашган кўп қаватли бино вайрон бўлганини, 13 май кунидаги ҳужум оқибатида эса яна етти хил оммавий ахборот воситалари жойлашган қароргоҳ йўқ қилинганини айтмоқда. 15 майда Исроил ҳарбийлари Associated Press агентлиги ва Al Jazeera телеканали, шунингдек, бошқа бир неча халқаро оммавий ахборот воситалари офислари жойлашган бинони ҳам кулини кўкка совуришган.

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро жиноят суди прокурори Фату Бенсудадан ушбу ҳужумларнинг уруш жиноятлари эканлигини аниқлашда ёрдам сўрашмоқда.

10 майдан бери Ғазо ва Исроил армияси ўртасида ракета ҳужумлари давом этмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, Исроил томонидан камида 10 киши ҳалок бўлган, Фаластиндан эса 210 дан ортиқ киши вафот топган.