БМТ Байденнинг қочқинларни қабул қилишни кўпайтириш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлайди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий Комиссари АҚШнинг бу йилги миграция учун кириш лимитини кўтариш ва 62,500 қочқиннинг киришига рухсат бериш тўғрисидаги қарорини мамнуният билан қабул қилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий Комиссари вакили Филиппо Гранди АҚШ президенти Жо Байденнинг қарорини “Ҳаётларни сақлаб қолиш ва дунёдаги энг заиф гуруҳларни ҳимоя қилишга ёрдам берадиган чора” деб таърифлади.

Гранди ушбу қарор бошқа мамлакатларда ҳам худди шундай йўл тутишга илҳомлантиради ва бошпана бериш бўйича мажбуриятларни бажаришга туртки бўлади, деб умид билдирди.

Унинг таъкидлашича, БМТ Қочқинлар ишлари бўйича комиссияси дастурни кенгайтириш йўлларини қўллаб-қувватлайди ва қочқинларни қабул қилишни тезлаштиришга ёрдам беради.

Гранди ўтган йили дунё бўйлаб 23 мингдан кам қочоқ бошпана олганига гувоҳ бўлганлигини таъкидлади ва бу қочқинларни жойлаштириш учун сўнгги йигирма йил ичида энг паст кўрсаткич эканлигини айтди.

UNHCR ўз веб-сайтида эълон қилган баёнотида Гранди АҚШнинг бу йил ва келаси йил учун қабул сонини кўпайтириш қарори қочқинлар учун ва глобал кўчириш дастури учун ҳаётий ёрдам эканлигини қўшимча қилди.