Блинкен Лавров билан “Шимолий оқим 2” ни муҳокама қилиши мумкин

АҚШ Давлат департаментининг юқори лавозимли расмийси Дания сафари давомида Блинкенга ҳамроҳ бўлаётган журналистларга маълум қилишича, АҚШ Давлат котиби Антони Блинкен Арктика кенгаши вазирлари йиғилиши доирасида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан икки томонлама алоқалар ва “Шимолий оқим 2” лойиҳасини муҳокама қилишни режалаштирмоқда.

“Шимолий Оқим 2” масаласини кўтаришни режалаштиряпсизми, деган саволга Блинкен қуйидагича жавоб берди: “Эҳтимол бу масала кун тартибида пайдо бўлар. Менимча, муҳокама Лавров учун ҳам муҳим. “Шимолий Оқим 2” га нисбатан бизнинг ва Конгресснинг муносабати қандай экани барчага аён. Лойиҳа Европанинг хавфсизлиги ва энергетик мустақиллигига таҳдид соладиган Россиянинг стратегик режасидир. Шунинг учун бу масала муҳокама қилиш учун кун тартибига қўйилиш ёки қўйилмаслигини билиб оламиз”.

Саволга жавоб беришда давом этар экан, Блинкен Американинг мақсади вазиятни кескинлаштириш эмас, балки, умидли ва барқарор муносабатларни йўлга қўйиш эканини айтиб ўтди ҳамда Россия ташқи ишлар вазири Лавров билан бу масалаларни муҳокама қилишига умид билдирди.

Блинкен 16-20 май кунлари Дания, Исландия ва Гренландия давлатларида хизмат сафарида бўлади. Арктика кенгаши вазирлар йиғилиши ҳафта охирида Исландиянинг пойтахти Рейкявикда бўлиб ўтиши керак.