БИР МУРОЖААТ — БИР ТАҚДИР

Одамлар дардига қулоқ тутиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш  ва ўз вақтида ҳал қилиш орқали оғирини енгил, мушкулини осонлатиш — аҳолининг эртанги кунга, давлатга, бугунги ислоҳотларга  бўлган ишончини оширади. Агарда ҳар бир мурожаат эътибордан четда қолмаса бу ишонч мустаҳкам қўрғонга айланади.

Шу боис, Агентликнинг Самарқанд вилоят бошқармасида нафақат расмий тарзда, балки, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам келиб тушаётган мурожаатлар масъул ходимлар томонидан алоҳида назоратга олинган. Жумладан, яқинда ижтимоий тармоқларда Каттақўрғонлик 2014 йилда туғилган Муслима Хосиловага тегишли туғилганлик  гувоҳномаси топиб олинганлиги тўғрисидаги эълонлар тарқалган эди.

Бошқарма бошчилигида ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида тезкор чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, “Ягона ФҲДЁ электрон архиви” тизими орқали кўрилганда ушбу гувоҳнома мазкур туманнинг “Боғот” маҳалласида яшовчи Дилрабо Хосилованинг фарзандига тегишли экани маълум бўлди. Туман ФҲДЁ бўлими томонидан жойига чиққан ҳолда, гувоҳнома ўз эгасига топширилди.

— Эътиборсизлик туфайли гувоҳномани йўқотиб қўйган эдим, — дейди Д. Хосилова. — Қизим 1-гуруҳ ногирони. Тошкентга даволаниш учун олиб кетаётган вақтим шу кўнгилсизлик содир бўлди. Туман ФҲДЁ бўлими ходимлари қўнғироқ қилиб, гувоҳномани топилгани ҳақида айтишиб, уйимга олиб келиб беришди. Очиғи, уни топиш масаласида сарсон бўлатгандим.

Мурожаатлар ортида кимнингдир орзу-ўйлари, қувонч ва ғамлари, ташвишлари ётади. ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси ана шу олтин қоидани ўз шиори билиб, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш йўлида билим ва салоҳияти ҳамда маҳоратини аяшмаяпти.

Маълумот ўрнида қайд қилиш жоизки, ФХДЁ архив маълумотномалари ва ахборотини олиш имкониятини берувчи ягона электрон архиви тизими идоралараро интеграциялашув, электрон ҳамкорликни кенгайтириш орқали бюрократик тўсиқлар, коррупция ҳолатларини юзага келишининг олдини олади. Унинг ёрдамида фуқаролар ваколатли давлат органлари ва ташкилотларга бормасдан давлат хизматларидан фойдаланишга эришадилар.

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати