Байрут портлаши қурбонларини хотирлаб

Қурбонлар галереяси

Бу портретлар ўтган йили Байрут портидаги портлашда ҳалок бўлган ёки олган жароҳатлари туфайли ўлган инсонларга атаб бир гуруҳ рассомлар томонидан шаҳар марказидаги қурилиши вақтинчалик тўхтатиб қўйилган бинонинг тўсиғига чизилган.

Қурбонлар сони расмий маълумотларга кўра 204 кишидир, аммо яна бир инсон бу фожиа туфайли вафот этади. У бир армани киши эди. Порт яқинида яшарди ва фожиадан талофат кўрган ҳудудда зоомагазини бор эди. Бу инсонга бирон жароҳат етмаган эди, фақат вайрон бўлган уйини ва ҳалок  бўлган жонивор ва қушларни кўриб, юраги бардош бера олмади. Бир неча ой сўнгра у қаттиқ руҳий изтиробдан вафот этди.

Қурбонлар галереясида юзлари ўрнида қора сиймо чизилган инсонлар ҳам жуда кўп. Бу дегани-улар номаълум инсонлар, яъни портлашдан кейин уларга нима бўлгани  номаълум. Улардан ҳар уч кишидан бири-Сурияликдир. Портлаш улартўпланадиган автовокзалгача таъсир қилган ва автобусларга қўшиб инсонларни ҳам яксон қилган.

Пастдаги портретлар эса Малак  ва Али исмли ёш эр-хотинга атаб чизилган. Портлаш маҳалида улар ресторанда овқатланиб ўтирган эди. Икки фарзанд эса етим қолди.

Малак почтада ишлаган, ҳозир ўша идоранинг раҳбарияти унга атаб махсус почта маркаси чиқарди. Бу маркаларнинг сотилишидан тушган маблағ икки етим фарзандга берилади…

Яна бир аёл, исми Дима. Отасини кўргани касалхонага келиб, портлаш оқибатида кучли жароҳатланади ва 83 кун комада ётиб жон беради. Александра исмли 5 яшар қизалоқ, бир неча кунлик, ойлик чақалоқлар..

Норвегия элчисининг рафиқаси. Католик Жоржлар мусулмон Муҳаммад ва Аҳмадлар билан, друз Илоҳа маронит Элли билан ёнма-ён. Ҳамма ўлимдан кейин баробар. Ливанликлар, портлаш оқибатида вайрон бўлган касалхонанинг  христиан ҳамширалари,эфиоплар, арманилар, Шри-Ланкалилар ва ҳатто руслар…Ва яна тирикми-ўликми, оиласи ҳали ҳам кутаётган неча-неча юзлари ўрнида қора сиймо чизилган инсонлар…

Байрут портидаги портлаш 2020-йилнинг 4-августида содир бўлган эди, баъзи маълумотларга қараганда, портлашлар бир нечта эди.