Байден: Хитой президенти 3035 йилга келиб унинг мамлакати Американи эгаллайди деб ўйлайди

АҚШ президенти Жо Байденнинг айтишича, хитойлик ҳамкасби Си Цзинпин унинг мамлакати 3035 йилга келиб, яъни 1014 йилдан сўнг Қўшма Штатларга эгалик қилиш имкониятига эга бўлади, деб ишонади.

“Биз демократик давлатлар ва авторитар тузумлар ўртасида кураш олиб бораяпмиз, дунё қанчалик мураккаблашса, демократик мамлакатларнинг консенсусга эришиш учун бирлашиши шунчалик қийин бўлади”, деди Байден жума куни АҚШ ҳарбий хизматчиларига Виржиниядаги ҳарбий базадаги нутқида.

Байден сўзларини давом эттирар экан: “Мен Хитой президенти Си Цзинпин билан дунёнинг бошқа ҳар қандай раҳбаридан кўра кўпроқ вақт ўтказдим, яъни битта таржимон билан шахсий учрашувлар давомида 24 соат. Биз бирга Хитойда ва бу ерда 70 000 мил юрдик. У ишонч билан 3035 йилга келиб Хитой Американи эгаллайди, деган. Чунки авторитар тузумлар тезда қарор қабул қилишга қодир”, деди.

Америка оммавий ахборот воситалари, шу жумладан Fox News, АҚШ президенти 3035 йил деб адашиб кетганини, балки 2035 йил демоқчи бўлгани ҳақида ёзади.

Ўз навбатида, Хитой ўз ташқи ишлар вазири Ван И орқали бутун инсоният манфаатларига хизмат қилиш учун АҚШ билан мулоқотга интилишини ва икки томон ўртасидаги зиддиятнинг сабаби собиқ президент Доналд Трампнинг ҳаракатларига боғлиқлигини ҳисобга олиб, Америка томонига қарши чиқмоқчи эмаслигини билдирган.