АҚШ қўшинларини жойлаштириш учун Марказий Осиё ва Яқин Шарқдан жой изламоқда

Қўшинларини Афғонистондан жорий йилнинг сентябрь ойига қадар олиб чиқиб кетишни режалаштираётган АҚШ, ҳарбий база ва ҳарбий техника учун янги макон қидирмоқда. Ҳарбий базаларни жойлаштириш учун Ўзбекистон ва Тожикистон Афғонистонга чегарадош давлатлар сифатида Пентагоннинг танловлар рўйхатида энг юқоридан ўрин олган. Бу ҳудудларнинг бирида ҳарбий базалар ташкил этиш АҚШга Афғонистондаги вазиятни назорат қилиш, мамлакат ҳукуматига кўмак кўрсатиш имконини беради. Лекин, бу икки давлат жойлашган минтақада Россия ва Хитойнинг таъсири тобора ортиб бораётгани сабабли, базаларни жойлаштириш анчагина мураккаблашиши мумкинлиги рад этилмаяпти.

Қўшинлар олиб кетилганидан сўнг Афғонистон аввалгидек “Ал Қоида” ёки ИШИД каби бошқа бир террорчи гуруҳлар назоратига ўтиб кетиш хавфи юқори дея баҳоланмоқда.

Агарда Байден ҳукумати ҳарбий базани жойлаштириш масаласида Афғонистон билан чегарадош давлатлар билан келиша олмаса, унда ўз қўшинлари учун Форс кўрфази давлатларидан бирида жой қидириш вариантини ҳам ўйлаб қўйган. 2001 йилда Қирғизистон ва Ўзбекистонга ўз ҳарбий базаларини жойлаштирган АҚШ, бу давлатларни мос равишда 2014 ва 2005 йилларда тарк этган.